Бухоро осори-атиқалари билан танишув

Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси раиси Бинали Йилдирим Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов ҳамроҳлигида 26 сентябрь куни Бухоро вилоятига ташриф буюрди.

Меҳмонлар дастлаб Когон туманида жойлашган Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуасини зиёрат қилди. Мамлакатимизда буюк аждодларимиз хотирасини эъзозлаш, уларнинг қабр-мақбараларини тиклаш ва ободонлаштириш юзасидан амалга оширилган ишлар Туркия парламенти делегациясида катта таассурот қолдирди.

Делегация аъзолари мажмуа ҳудудидаги Бухоро давлат бадиий меъморчилик музей-қўриқхонасига қарашли “Нақшбандия тариқати” музей-филиалини кўздан кечирди, Мир Араб олий мадрасаси талабалари билан суҳбатлашди. Шунингдек, меҳмонлар Баҳоуддин Нақшбанднинг волидаси Биби Орифа қабрини ҳам зиёрат қилди.

Бухоро шаҳридаги Минораи Калон мажмуаси, бу ердаги машҳур Масжиди Калон ва Мир Араб мадрасаси билан танишув ҳам эсда қоларли бўлди. Пойи Калон мажмуасига ташриф чоғида Ўзбекистон миллий симфоник оркестрининг концертолди тайёргарлик машғулоти доирасида ижро этилган ашулалар нафақат туркиялик меҳмонларга, балки бу ерга ташриф буюрган хорижий сайёҳларга ҳам манзур бўлди.

Меҳмонлар Бухоро ипак гилам тўқиш корхонасида бўлиб, ҳунармандликнинг бобомерос анъаналарини давом эттираётган гиламдўзлар меҳнати ва улар тайёрлаган маҳсулотларни кўздан кечирди.

 

Эркин Ёдгоров, ЎзА