Саид Аҳмад ижоди кенг жамоатчилик эътирофида

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Маданият ва санъат кўргазмаси ҳамда Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад ҳаёти ва ижодига бағишланган фотокўргазма ва адабий-бадиий хотира кечаси бўлиб ўтди.

Ўзбек адабиётининг етакчи намоёндаларидан бири Саид Аҳмад 1920 йили Тошкентда зиёли оиласида дунёга келди. Мактабда таҳсил олиб юрган кезлариданоқ адабиёт ва ижодга ҳаваси бўлакча эди. Вақтли матбуот унинг ижод дорилфунуни бўлди.

2.JPG

9.JPG
Фаолиятининг дастлабки босқичини “Муштум” ойномасида бошлаган Саид Аҳмаднинг биринчи ҳикоялар тўплами “Тортиқ” 1940 йилда нашр этилди. Уруш ва урушдан сўнги йилларда Саид Аҳмад кўплаб фельетон, очерк ва ҳикоялар ёзди. Кетма-кет “Ер юрак” (1942), “Фарғона ҳикоялари” (1948), “Муҳаббат”(1949) каби тўпламлари нашр этилди. Иккинчи Жаҳон уруши йилларига бағишланган “Хазина”, “Ҳайқириқ”, “Раҳмат азизларим” каби ҳикояларида муаллиф урушнинг даҳшатли оқибатларини ҳаяжонли тасвирлайди.

“Уфқ” романида Иккинчи Жаҳон урушининг оловли йилларида ўзбек деҳқонларининг фронт орқасида кўрсатган меҳнат қаҳрамонликлари атрофлича ҳикоя қилинади. Роман трилогия жанрида ёзилган бўлиб, унда урушдан олдинги ва кейинги даврнинг ҳаётий муаммолари акс этган.

Саид Аҳмад ўзининг “Жимжитлик” романида турғунлик даври иллатларини фош этишга интилади. Адиб серқирра ижодкор бўлиб, у моҳир драматург сифатида ҳам танилди. “Келинлар қўзғолони”, “Куёв” каби саҳна асарлари шулар жумласидандир.

Саид Аҳмад таржима санъати билан ҳам фаол шуғулланган. Жумладан, Б.Полевой, А.Мусатов, О.Гончар каби ёзувчилар асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

30.JPG
said.JPG
48.JPG

 

Муҳайё Тошқораева, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА