Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 сентябрьдаги «Ҳудудларда тадбиркорлик ташаббусларни ва лойиҳаларни жадал амалга оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича ҳудудий гуруҳ ўз фаолиятини бошлади.
Ҳудудий гуруҳ томонидан республикамизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолати ҳар томонлома ўрганилиб, уни янада ривожлантириш ва такомиллаштириш бўйича таклифлар киритилмоқда. Бундан ташқари, инвестиция киритишни талаб этадиган истиқболли лойиҳалар, шунингдек, бўш турган давлат мулки объектлари ва ер участкаларини аниқланиб, уларни аукцион савдоларига қўйиш билан боғлиқ масалалар тезкорлик билан ҳал этилмоқда. Жойларда давлат органлари ва ташкилотлари даражасида ҳал қилинмаган тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ муаммоли масалалар, шунингдек, истиқболли тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини амалга ошириш бўйича таклифлар Ҳудудларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш комиссиясига киритилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 2 февралдаги “2018-2022 йилларда аҳоли пунктларини бош режалар билан таъминлаш, лойиҳа ташкилотлари фаолиятини яхшилаш, шунингдек, шаҳарсозлик соҳасида мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига бўйича туман ва шаҳар бош режаларининг тақдимоти бўлди. Шу жумладан, Нукус шаҳрининг бош режасига киритилиши кутилаётган ўзгаришлар муҳокама қилиниб, Мўйноқ туманини тараққий этиш дастури ўрганилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида Қўнғирот, Элликқалъа ва Тахтакўпир туманлари тадбиркорлари билан учрашув ўтказилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ҳудудларда тадбиркорлик ташаббусларни ва лойиҳаларни жадал амалга оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг мазмун-моҳияти батафсил тушунтирилди.
Қўнғирот туманидаги «Fife city» МЧЖ нинг тендердан ютиб олган «Қўнғирот» кичик саноат зонасида жойлашган лотини (ҳудидни) дастлаб эгаллаган тадбиркордан қайтариб олишга доир мурожати, ушбу кичик саноат зонасида жойлашган «KUNGRAD LEGO» МЧЖ нинг 585 миллион сўм миқдорида кредит олишга ёрдам беришни сўраган мурожаати, «Самандар Қўнғирот» МЧЖ томонидан 2010-йилда сотиб олинган корхонага нисбатан ҳуқуқий эгалик қилиш бўйича мурожаати ўрганилиб, ҳал этиш чоралари кўрилди. Бундан ташқари, Элликқалъа туманидаги «Идеал саноат савдо» МЧЖ нинг «UzKorGaz» ташкилотидан полипропилен ва полиэтилен грануласининг чиқиндисини сотиб олишга амалий ёрдам бериш бўйича, тадбиркор Э.Шарипованинг Нукус шаҳри Е.Алакўз кўчасидаги гипермаркет ёнида автотураргоҳ қуриш бўйича мурожаатлари ҳам кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилди.
Ҳудудий гуруҳ аъзоларининг таъкидлаганидек, ҳар куни 15-20 нафар тадбиркор мурожаат қилмоқда. Уларнинг ташаббуслари, шунингдек фаолиятидаги ҳар қандай муаммо ва камчиликлар ўрганилиб, ечими назоратга олинмоқда.
Агарда ҳудудларда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича таклифлар, бўлса, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда,
инвестициялар жалб этишда муаммо ва камчиликларга дуч келаётган тадбиркорлар бўлса Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича ташкил этилган ҳудудий гуруҳга мурожаат этишлари мумкин.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги