Хитой делегациясининг учрашувлари

Хитой Халқ Республикаси Сиёсий маслаҳат кенгашининг Миллий ва диний ишлар бўйича қўмитаси раиси Ван Вэйгуан бошчилигидаги делегация мамлакатимизнинг қатор қўмита ва ташкилотларида учрашувлар ўтказди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Дин ишлари бўйича қўмита, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги Халқ дипломатияси маркази ва Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ўтган учрашувларда делегация аъзолари мамлакатимиздаги миллатлараро ва диний масалаларни мувофиқлаштирувчи ташкилотлар фаолияти билан яқиндан таништирилди.

Мулоқотларда Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари тинч-тотув истиқомат қилаётгани, 16 конфессияга мансуб диний ташкилотлар эркин фаолият юритиши учун зарур шароитлар яратилгани, 7 тилда таълим олиб борилаётгани, фуқаролар эътиқоди ва келиб чиқишидан қатъи назар, қонун олдида тенг экани таъкидланди.

Бу мамлакатимизда миллатлараро, фуқаролараро ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири этиб белгилангани самарасидир.

Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида сўнгги йилларда миллатлараро муносабатлар янги босқичга кўтарилди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 19 майдаги “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида Республика байналмилал маданият маркази ва дўстлик жамиятларининг негизида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилди.

Президентимизнинг жорий йил июнь ойида Хитойнинг Циндао шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ саммитида илгари сурган ташаббуси асосида Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази фаолияти йўлга қўйилди.

– Ташрифимиздан мақсад диний ва миллатлараро масалаларда Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш, ўзаро фикр алмашиш ва изчил алоқаларни йўлга қўйишдан иборат, – деди Ван Вэйгуан. – Музокараларимиз самарали ва фойдали мулоқотларга бой бўлди. Амин бўлдикки, бағрикенг ва аҳил Ўзбекистон халқи кўп жиҳатдан хитойликларга ўхшайди. Икки халқ ҳам узоқ тарихга эга миллий, диний қадриятларини асраб-авайлаб келмоқда.

Делегация аъзолари ташриф доирасида пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойлари билан танишди.

 

М.Ҳусанова, ЎзА