Тошкент давлат педагогика университети Белaрусь педагогика университети билан ҳамкорлик қилади

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети Максим Танк номидаги Белaрусь давлат педагогика университети билан кадрлар тайёрлаш бўйича музокаралар олиб бормоқда.
Бу ҳақда Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати маълум қилмоқда.
18-21-сентябрь кунлари Белaрусь давлат педагогика университети вакилларининг университетга ташрифи режалаштирилган. Мазкур ташриф давомида Ўзбек-Белaрусь илмий марказини ташкил этиш ва университетлар ҳамкорлигида қўшма факультет таъсис этиш масалалари кўриб чиқилади. Мазкур марказда таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ўзаро фикр алмашади, ҳамкорликда семинар ҳамда конференциялар ташкил этилади. Қўшма факультет эса ҳамкорликда педагог кадрлар тайёрлаш билан шуғулланади.
Айни вақтда логопедия таълим йўналишида бакалавр ҳамда магистрлар тайёрлаш бўйича дастлабки келишувга эришилди. Шунингдек, келажакда мазкур факультет фаолиятини кенгайтириб, психология ҳамда мактабгача таълим соҳаларида мутахассис тайёрлаш режалаштирилмоқда.

 

ЎзА