“Оммавий маданият”, бу – халқ маданиятининг маълум қисми эмас!

Бугунги кунда Ғарб матбуотида бонг урилаётганидек халқ эмас, балки оломон кўп нарсаларни ҳал қилмоқда. Давлат тўнтаришлари, инқилоблар юз берган мамлакатларда буни кўриб турибмиз. “Оммавий маданият” замонамизнинг долзарб муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда.
Замонавий техника ва технологияларнинг ривожланиши туфайли “оммавий маданият” ҳам кенг тарқалмоқда. Эндиликда одамларнинг айрим гуруҳлари анъанавий маданиятни – ахлоқ-одобни, урф-одатларни тан олмай қўйди. Шу кунгача “оммавий маданият”, деганда ўзида ахлоқсизликларни жамлаган беҳаёликларни тушунардик. Эндиликда оммавий маданият қирралари иқтисодиёт, сиёсат ва мафкурада ҳам кўзга ташланмоқда.
Табиийки, “оммавий маданият” деган ниқоб остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарқатиш, керак бўлса, унинг ҳисобидан бойлик орттириш, бошқа халқларнинг неча минг йиллик аньана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпоришга қаратилган таҳдидлар одамни ташвишга солмай қўймайди. Маълумки, оломонга бўйсунувчи бу турдаги одамлар бошқалардан фарқ қилади. Психологлар анчадан бери оломон руҳиятини ўрганишга уринади, аммо ҳамон унинг илдизига етиб борилмаган.
“Оммавий маданият” бу халқ маданиятининг маълум қисми эмас, балки омма, яъни оломонга мўлжалланган маданиятдир. Тарихдан маълумки, бир гуруҳ одамлар (оломон) томонидан уюштирилган исёнлар турли можароларни келтириб чиқарган ҳамда мамлакат ва халқлар тақдирини бутунлай ўзгартириб юборган. Биз буни 1917 йилги қонли инқилоб, сўнги йилларда кузатилаётган Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги воқеа-ҳодисалардан кўриб-билиб турибмиз. Оломон атрофдагиларнинг гап-сўзларини деярли қабул қилмайди. Чунки у фақат ҳис-ҳаяжонга берилган бўлади. Фақат ўзи танлаган йўл тўғри деб ўйлайди.
Таҳлилчиларнинг фикрича, инқирозли дақиқаларда саҳнада пайдо бўладиган “оммавий одам” ўзини ҳамиша агрессив тутади. Ўзини ҳар қандай маданиятдан узоқ тутувчи оломон ҳамиша хавфлидир.
Ҳозирги вақтда ахлоқсизликни маданият деб билиш ва аксинча, асл маънавий қадриятларни менсимасдан, эскилик сарқити деб қараш билан боғлиқ ҳолатлар бугунги тараққиётга, инсон ҳаёти, оила муқаддаслиги ва ёшлар тарбиясига катта хавф солмоқда ва кўпчилик бутун жаҳонда бамисоли бало-қазодек тарқалиб бораётган бундай хуружларга қарши курашиш нақадар муҳим эканини англаб олмоқда.
“Ахборот асри” деб ном олган ҳозирги даврда ахборот энергия манбалари табиий бойликлар қаторида стратегик ресурсга айланмоқда. Мутахассислар бир овоздан ахборот тараққиётнинг бош омилига айланганини қайд қилишмоқда. Бу эса ахборот маконидан ва оммавий ахборот воситаларидан турли кучларнинг сиёсий ва геосиёсий вазифаларни ҳал қилиш учун “куч ишлатиш йўли” билан эмас, балки бошқача йўл билан фойдаланишга имкон бермоқда.
Ахборотнинг жамият ҳаётидаги роли мислсиз даражада ўсишини башорат қилган немис файласуфи Освальд Шпенглер ХХ аср бошларида “Европа инқирози” асарида ёзганидек, бугунги кунда “жаҳоннинг икки ёки уч газеталари провинциал газеталарнинг фикрини ва уларнинг ёрдамида “халқ иродасини йўналтириб” турибди. Журналистлар кўпдан бери қарийб ҳар бир низонинг учинчи томонига айланиб қолдилар.
Олимлар урушга муносабатнинг ўзгарганини айтишар экан, қуролнинг янги тури кашф қилинганини таъкидлашмоқда. Бу қурол-ахборотдир. Бундай қурол ёрдамида инсоннинг онги ва қалби нишонга олинади. Бу қурол ёрдамида онгга берилган зарбалар кишини адаштиради, уни ўз манфаатларига зид ҳаракат қилишга ундайди. Шу тариқа нафақат миллат турмуш тарзи, балки унинг яхшилик ва ёмонлик, оқ ва қора, савоб ва гуноҳ, рост ва ёлғон ҳақидаги тасаввурлари ҳам ўзгаради.
Бугунги кунда шу нарса аниқ бўлдики, давлат тўнтаришлари, инқилоблар ва ташқаридан бўлган қуролли ҳужумлар оқибатида Яқин Шарқ ва шимолий Африкадаги бир қатор мамлакатлардаги вазият жуда ҳам кескинлашиб кетди ва жуда ҳам кучсиз бўлмиш марказий ҳукумат бошқарувни қўлдан чиқарди. Буни биз Ироқ, Ливия ва Мисрдаги кўнгилсиз воқеалардан кўриб турибмиз.
Таҳлилчиларнинг фикрича, барқарор ҳукумат ағдариб ташланган мамлакатлардаги вазият янада мураккаблашган. Бир сўз билан айтганда, мазкур мамлакатларда бошбошдоқлик юзага келган.
Айрим кузатувчилар вазиятни “бошқариладиган бошбошдоқлик”(“бошқариладиган хаос”) дейишмоқда. Маълумки, “бошқариладиган хаос” ғояси 1970 йилларда ишлаб чиқилган бўлиб, бу ғояга кўра алоҳида танлаб олинган мамлакатларни миллий ҳукуматлар эмас, балки халқаро корпорация ва синдикатлар бошқариши керак бўлади. Бу мақсадларга эришиш йўлида табиий ресурсларга бой мамлакатларга турли томонлардан ҳужумлар уюштирилади ва бу мамлакат пароканда қилинади ёки кучсизлантирилади. Мазкур мамлакатларда фуқароларнинг ҳукуматга қарши чиқишлари уюштирилиб, фуқаролар уруши келтириб чиқарилади. Натижада ҳукумат нима қилишини билмай қолади. Оқибатда ҳукумат ўзгарган мамлакатларда кўриб турганимиздек ижтимоий инқироз, очарчилик, талон-торожлик юз беради. Тўқнашувлардан чарчаган аҳоли эса уй-жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлади. Бўлакларга бўлинган ҳудудлар эса маълум кланларнинг қуролли гуруҳлари томонидан назорат қилинади.
Мисолларга мурожаат қиладиган бўлсак, таҳлилчиларнинг фикрича, Ливиядаги вазият кескинлигича қолмоқда. Буларнинг ҳаммаси инқилоб самарасидир, дейишмоқда киноя билан айрим экспертлар. “Биз Каддафий устидан ғалаба қозондик, бироқ мамлакатда олти миллион Каддафий бор”, дейишади ливияликлар. Демак, олти миллион кишининг қўлида қурол, ҳукумат фаолияти суст экан, ўзингизни хоҳланг Каддафий, хоҳланг Бин Ладен деб эълон қилишингиз, бош вазирни ҳибсга олишингиз мумкин. Айрим таҳлилчилар, “шарқ нозик масала” эканини таъкидлашар экан, Ливияда пойтахтдан ташқарида ҳукмронлик қилишга кучи етмаётган номигагина ҳукумат мавжудлигини эслатиб қўйишмоқда. Чунки Муаммар Каддафий ўлимини қарсаклар билан қарши олган халқни боқиш ҳукуматнинг бирдан бир вазифаси эканини энди англаб етишди. Ҳукумат эса нафақат халқни боқишга, балки мамлакат хавфсизлигини таъминлашга ҳам қурби етмаяпти. Муаммар Каддафий даврида 7 литр бензинни атиги бир долларга харид қилган, ўртача 700 доллорпенсия олган ливияликлар бугунги кунда ёқилғи топа олмай, ўз вақтида нафақа ололмай бошларини чанггалаб қолишган. Таълим, ҳатто олий таълим ҳам ливияликлар учун деярли бепул эди. Эндиликда буларнинг ҳаммаси тушга айланди. Диктатурани ағдариш шиори билан амалга оширилган демократик ҳаракатлар Ливияни бир неча ўн йил орқага улоқтириб ташлади. Бошқариладиган хаос мафкурачиларидан бири Стивен Манн очиқчасига ёзганидек, бошқариладиган бошбошдоқлик айрим Ғарб давлатлари миллий манфаатларига мос келади.
Ҳозир урфга кирган “Психологик уруш” методлари янгилик эмас. Эрамиздан аввалги 6 асрда яшаб ўтган хитойлик саркарда Сунь Цзи психологик урушнинг моҳиятини ўз қўлланмаларида очиқ-равшан қилиб ифодалаб берган. “Душманингиз мамлакатидаги ҳамма яхши нарсани пароканда қилинг”, деб ёзар экан Сунь Цзи “душман раҳбарларининг обрўсини тўкинг ва пайти келганда уларни жамоатчилик олдида изза қилинг. Шу мақсадда энг қабиҳ ва разил одамлар билан ҳамкорликдан фойдаланинг”, деб маслаҳат беради.
Ҳар қандай ҳукуматнинг ишига барча воситалар билан халал бераётганларнинг разил ва қабиҳ эканлигини ҳомийлар жуда яхши билишади. Лекин асло “сенлар қабиҳ ва разил бўлганингиз учун сиздан фойдаланаяпмиз”, демайди. Ортиқча гапнинг, тўғрироғи, сир очилиб қолишнинг кимга кераги бор?!
Бу дунёда табиатда ҳам, жамиятда ҳам бўшлиқ бўлмайди. Қаердадир бўшлиқ пайдо бўлдими, ҳеч шубҳасиз, уни албатта кимдир тўлдиришга ҳаракат қилади.
Ҳозирги кунда ана шундай маънавий бўшлиқни тўлдиришга уринадиган, шунинг ҳисобидан ўзининг ғаразли мақсадларини амалга оширишни ўйлаб юрганлар кўп. Минг афсуски, бу кучларнинг асл қиёфаси, мақсад муддаолари ва имкониятларини тўла ва аниқ-равшан тасаввур қилиш осон эмас. Нега деганда, улар турли ниқоблар, жозибали шиор ва ғоялар пардаси остида иш кўради. Бундай кучларнинг ихтиёрида жуда катта моддий, молиявий ресурслар ва имкониятлар мавжуд бўлиб, уларнинг пухта ўйланган, узоқ ва давомли ёвуз мақсадларига хизмат қилмоқда.
Энг ёмони – бундай хуружларнинг пировард оқибати одамни ўзи туғилиб ўсган юрти ва халқидан тонишга, ватанпарварлик туйғуларидан маҳрум этишга ва ҳамма нарсага лоқайд бўлган шахсга айлантиришга қаратилганида намоён бўлмоқда.
Бундай тажовузкорона ҳаракатлар бизлар учун мутлақо бегона мафкура ва дунёқарашни аввало беғубор ёшларнинг қалби ва онгига сингдиришга қаратилгани билан айниқса хатарлидир. Ҳақиқат ва холисликдан йироқ бўлган, фақат ғаразли сиёсий манфаатларни кўзлайдиган бундай қарашлар ҳеч кимга наф келтирмайди ва ҳеч кимнинг обрўсига обрў қўшмайди.

 

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА