Малайзия Эксимбанкида бизнес-форум бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикасининг Куала-Лумпурдаги элчихонаси томонидан Малайзия Эксимбанки ва Малайзия халқаро савдо ассоциацияси (SMITA) ҳамкорлигида юртимизнинг иқтисодий ва сармоявий салоҳиятига бағишланган бизнес-форум ташкил этилди.

Форумда Малайзиянинг 20 дан ортиқ компанияси вакиллари, жумладан, Инвестицион ривожланиш агентлиги, Стандартлар департаменти, Малайзия Марказий банки, Эксимбанки, SMITA раҳбарияти иштирок этди.

Тадбир доирасида мамлакатимизда бизнес юритиш учун яратилган қулай шароитлар, амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар, эркин иқтисодий зоналар фаолияти, юртимизнинг айрим ҳудудлари, жумладан, Хоразм вилояти ва “Ҳазорасп“ ЭИЗнинг савдо-иқтисодий салоҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди.

exim-bank.jpg

SMITA президенти Мегане Су ассоциация фаолияти ҳақида сўзлаб берди. Ўзбекистонда иқтисодиётни либераллаштириш ва бизнес муҳитини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларга юксак баҳо берди.

У, шунингдек, 2018 йилда мамлакатимиз салоҳиятини ўрганиш ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш, эркин иқтисодий зоналар ҳудудида истиқболли сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқиш учун SMITA томонидан Малайзия ишбилармон доиралари вакилларининг икки ташрифи амалга оширилганини таъкидлаб ўтди.

Мегане Су Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини билдирди.

Малайзия Эксимбанки вице-президенти Баҳруддин Муслим банк фаолияти, жумладан, Малайзия ва хорижда экспортга йўналтирилган лойиҳаларни молиялаштириш имкониятлари ҳақида сўз юритди.

Тадбир якуни бўйича қатор келишувларга эришилди.

 

ЎзА