Орол аввалги ҳолатига қайтади…ми?

Жорий йил 31 июлдан 21 августга қадар Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон Республикалари бўйлаб “Музликлардан Орол денгизигача” экспедицияси ташкил қилинган эди.

Қатор нуфузли халқаро ва хорижий ташкилотларнинг махсус лойиҳалари асосида ташкил қилинган экспедицияга ёш мутахассислар, магистрантлар, докторантлар, профессорлар ҳамда журналистлар жалб қилинди.

Экспедицияда Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Афғонистон давлатларидан ёш олимлар иштирок этди. Япониялик Тецуро Чида, америкалик Кристофер Уайт, ҳамюртимиз Фарҳод Аминжонов, германиялик Нильс Тевс ва польшалик Барбара Януш-Паулетталар мазкур экспедицияга илмий раҳбарлик қилди. Экспедиция ишларини ёритиб бориш учун журналистлар ҳам жалб қилинди. Тадбир давомида шунга ишончим комил бўлди-ки, экспедиция аъзолари ҳар хил давлатдан бўлишига қарамасдан, Орол тақдирига бефарқ бўлмади. Бундан 50-60 йил аввал тўлқинлари жўш ўриб, кемалари саф тортган, бугунги кунда эса саҳрога айланган денгиз тақдири ҳеч кимни бефарқ қолдирмаса керак. Бизларни Орол бирлаштирди. Халқимизда қўллашиб кўтарган юк енгил, дейишади. Оролни аввалги ҳолатига олиб келиш – ушалмас орзудир, балки. Лекин, бирлашсак, Орол офатининг оқибатини юмшатиш қўлимиздан келади.

Экспедициянинг асосий мақсади – Орол денгизи офати ва экологик муаммоларга Марказий Осиё мамлакатларининг эътиборини янада кучайтириш, Орол муаммосини илмий жиҳатдан ўрганишга ёшларни жалб қилиш ҳамда сув ва сув ресурсларини ақлга мувофиқ бошқаришни ўрганишга қаратилди.

Экспедиция давомида олимлар асосан тўртта йўналишда – иқлим ўзгариши ва экотизим, сув ресурсларини бошқаришнинг трансчегаравий аспекти соҳаларида ўрганиш-тадқиқот ишларини олиб борди.

Қозоғистоннинг “Туюқ сув“ музликларини бориб кўрган экспедиция аъзолари Қирғизистонга ўтиб Марказий Осиёдаги энг катта сув сақлагич – “Тўқтўғул“ сув омбори, Норин ва Қорадарёларга ташриф буюрди. Бу жойда Қирғизистоннинг энергетика салоҳияти тўғрисида маърузалар тингланди. Тожикистондаги Помир тоғлари бўйлаб ўтказилган сафарда “Помир энерджи“ компанияси фаолияти билан танишилди. “Нурек“ ГЭСи, шунингдек, Тожикистон кўллари, сув омборлари, энергетик салоҳияти, бу борадаги келгусидаги режалар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Ўзбекистонда эса, гидроузеллардан самарали фойдаланиш, фермер хўжаликларида сувни тежаш усулларидан фойдаланиш борасида олиб борилаётган ишлар ўрганилди. Тўртта давлатда қишлоқ хўжалигида, иссиқхоналарда, томорқа ерларда сувдан тежамли фойдаланиш усуллари билан танищдик.

Саёҳатимиз Қозоғистоннинг Қизилўрда вилояти ҳудудидаги Кичик Оролга ташрифи билан давом этди. Тадбир давомида барча иштирокчиларнинг онгу шуурини Орол денгизини аввалги ҳолатига қайтариш саволи эгаллагани аниқ.

Экспедиция супервайзери, экология тарихини ўрганувчи япониялик олим, Нагойя университети доценти Тецуро Чиданинг фикрига кўра, Оролни аввалги ҳолатига тўла қайтариб бўлмайди.

– Орол денгизини аввалги ҳолатига олиб келиш имконсиз, деб ўйлайман. Лекин, Марказий Осиё давлатлари қишлоқ хўжалиги соҳасида суғориш тизимини тубдан ўзгартирса, сувдан фойдаланишнинг тежамкор усуллари жорий этилса катта Оролнинг маълум бир қисмини сақлаб қолиш мумкин, – дейди Т.Чида. – Орол муаммоси кўпроқ табиий фанлар нуқтаи назаридан ўрганилган. Гуманитар ва ижтимоий нуқтаи назар асосида бу муаммо кам ўрганилган. Мен Орол муаммосини шу жиҳатдан ўрганмоқчиман.

Экспедиция давомида Марказий Осиёнинг турли ҳудудларида бўлиб, у ердаги одамларнинг турмуш тарзи билан танишдим. Улар сувдан қандай фойдаланаётгани, экин экиш усуллари билан қизиқдим. Дарёнинг юқори томонида истиқомат қилувчилар дарёнинг қуйи қисмидагиларнинг қандай муаммоларга дуч келаётганини билмайди. Шу боис, Марказий Осиё халқлари бири-бирини яқиндан билиши ва сув бўйича муаммолардан хабардор бўлиши учун ахборот майдонини ҳосил қилиш керак.

Япониялик олим назарда тутаётган Катта Орол бу денгизнинг Ўзбекистон томонидир. Кичик Орол эса Қозоғистон томонида.

Қозоғистон ҳукумати кичик Оролнинг ўз ҳолатига қайтгани, у ердан кўчиб кетган балиқчилар ота касбини давом эттираётгани ҳақида расмий маълумот тарқатди.

Тарихий манбаларга кўра, Орол денгизида бир неча бор сув камайиб, қайта тўлган. Олимларнинг фикрича, бунга Оролнинг Қозоғистон томонидаги қуриган тубидан топилган қалъа яққол мисол бўла олади. Ушбу қалъадан топилган археологик топилмалар XIII-XIV асрга, яъни Олтин Ўрда даврига тегишлидир. Бу қалъага Кердери деб ном берилди. Маълум бўлишича, ўша даврларда Орол денгизи Кердери кўли, деб аталган.

Бундан ташқари, Орол денгизининг қуриган тубидан топилаётган тошга айланган кўплаб акула тишлари бундан миллион йиллар аввалги денгиз ҳаётидан дарак бермоқда. Шундай тарихий сир-синоатга бой Орол денгизи ўтган аср ўрталаридан бошлаб оғир офатга гирифтор бўлди.

Президентимиз Орол муаммосини бартараф қилиш бўйича амалий ишлар билан ташаббус кўрсатмоқда.

Жумладан, 2017 йилнинг 19 сентябрь куни бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлади. Олий минбарда туриб глобал муаммога айланган Орол фожиаси ҳақида гапириб, Орол фожиаси акс эттирилган харитани кўрсатди. Ушбу экологик офат оқибатларини бартараф қилишда халқаро ташкилотларни бирга ишлашга чақирди. Мана, яқинда Туркманистоннинг Туркманбоши шаҳрида ўтказилган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари мажлисида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш, ҳудудга инновацион ечимларни жорий қилиш, чет давлатлардан инвестициялар жалб қилиш, “яшил иқтисодиёт”, экологик тоза, энергия ва сув тежайдиган технологиялар тамойилларини комплекс татбиқ этиш ва бошқа бир қатор ўта муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Саламат Ажимов, экспедиция аъзоси