Ўзбекистонда Франция маданият маркази ташкил этилди

Францияга олий даражадаги ташриф давомидаги маданий-гуманитар тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди.
Бу ҳақида Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар бермоқда.
Жорий йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон Республикасининг Президенти олий даражадаги ташриф билан Францияга боради.
Шу муносабат билан қарорга мувофиқ олий даражадаги ташрифнинг маданий-гуманитар қисмига тайёргарлик кўриш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.
Ташрифнинг ушбу қисмига тайёргарлик доирасида Маданият вазирлигига, истисно тариқасида, тендер (танлов) савдолари ўтказмасдан, энг яхши таклифларни танлаб олиш йўли билан товарларни етказиб берувчилар, ишларни бажарувчилар ва хизматларни кўрсатувчилар билан тўғридан-тўғри шартномалар тузишга рухсат берилди.
Қарорга мувофиқ, Маданият вазирлиги ҳузурида Франция маданият маркази ташкил этилди.
Марказ харажатларини молиялаштириш Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан амалга оширилади.

 

ЎзА