Ўзбекистонда масофадан ўқитиладиган олий таълим муассасаси очилиши кутилмоқда

Инновацион ривожланиш вазирлигида Ўзбекистонда дистанцион олий таълим муассасаси ¬ “Келажак университети” яратиш масаласида йиғилиш ўтказилди. Вазирлик матбуот хизматининг хабар беришича, йиғилишда Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Юлбарсхон Мансуров, АҚШнинг UdacityX масофадан ўқитиш муассасаси директори проф. Роберт Данбар, Нидерландиянинг MOOC Iversity таълим муассасаси раҳбари Дэниэл Зарецкий, Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг бир қатор масъуллари қатнашишган.
Ўзбекистонда масофадан ўқитиладиган олий таълим муассасаси — “Келажак университети” CityU MOOK (Гонконг), UdacityX (АҚШ), Open Polytechnics (Янги Зеландия) ва MOOC Iversity (Нидерландия) каби хорижий инвесторлар иштирокида очилиши кўзда тутилмоқда.
Лойиҳа доирасида олий таълим жараёнига илғор педагогик ва ахборот технологияларини, илм-фаннинг энг сўнгги ютуқларини ва техникаларни жорий қилиш назарда тутилган. Бунинг учун электрон ахборотларни ва таълим ресурсларини (ўзбек ва рус тилларига таржима қилинган) ўз ичига олган ҳамда талабалар (йилига 50 минг нафар атрофида) томонидан таълим дастурларини, уларнинг қаерда бўлишларидан қатъий назар, ўзлаштиришларини таъминлайдиган электрон ахборот-таълим муҳитининг ишлаши учун шарт-шароитлар яратиш талаб этилади.
Статистик маълумотларга қараганда 2016 йили юртимизда 663 минг абитуриент ОТМга ариза топширган, улардан атиги 57,9 минг нафари ўқишга кирган (бу истовчиларнинг 9 фоизини ташкил этади). Бу кўрсаткич Жанубий Кореяда 93 фоизни, АҚШда 85 фоизни, Эронда 71 фоизни, Германияда 68 фоизни, Тожикистонда 28 фоизни Озарбайжонда 25 фоизни ташкил этади.
Бундан ташқари, талабаларни ётоқхоналар билан қамраб олиш даражаси ҳам анчайин паст. Аксарият ОТМларнинг пойтахтимизда жойлашганини инобатга олсак, 73,4 мингта талаба ижарага туришга мажбур. “Келажак университети”нинг очилиши эса ўз навбатида бу муаммони ҳам инобатга олган бўлиб, ҳудудларда зарур ускуналар, компьютер ва бошқа техникалар, Интернетга кириш тизими билан жиҳозланган филиалларининг очилиши назарда тутилган.
Университетнинг бош идорасида ва филиалларида талабанинг шахсини текшириш ва имтиҳонларни топшириш тартибини назорат қилишни таъминлаган ҳолда аттестация имтиҳонлари ўтказилади. Бунда Янги Зеландияда неча йиллар давомида тажрибада синалган тизим жорий этилади.
Ўқишга кириш очиқ ва шаффофлик тамойилларга асосланган ҳолда амалга оширилади, талабалар сонининг мақбул даражаси шакллангунига қадар биринчи йиллари имтиҳон ҳам топширилмайди.
Ўқиш учун тўлов 1,5 миллион атрофида бўлиши муҳокама қилинмоқда. Давлат ОТМларининг контракт тўловлари бу миқдордан бир неча баравар юқори эканлиги ҳеч кимга сир эмас.
Маълумот учун:
• CityU MOOK (Гонконг) – Гонконг шаҳар университет (1984й.), ҳукумат томонидан молиялаштирилади, 4 та коллеж, 3 та мактаб, 50 дан ортиқ бакалавриат дастурларига эга. Жаҳон университетларининг “Quacquarelli Symonds” рейтингида 49-ўринни, Осиё университетларининг “QS Asian University” рейтингида 8-ўринни эгаллайди.
• UdacityX (АҚШ) – тижорат таълим ташкилоти, оммавий тарзда он-лайн курслар ташкил қилади, 12 та тўлиқ (пулли) ва 26 та бепул курсларида 1,6 млн. Фойдаланувчиларга эга.
• MOOC Iversity (Нидерландия) – “онлайн” олий таълим платформаси, 2013 йилдан 41 нафар етакчи Европа ОТМларини бирлаштириб келмоқда, онлайн-курслар ва лекциялар тақдим этади, 63 та курсда таълим оладиган 600 мингта фойдаланувчиси бор.
• Open Polytechnics (Янги Зеландия) – Янги Зеландиядаги масофадан ўқитиш бўйича етакчи провайдер, 100 тадан ортиқ йўналишлар бўйича 1,2 мингта курсларга эга.