Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда бир қатор қонун лойиҳалари қизғин муҳокама қилинмоқда.
Мажлисда дастлаб иқтисодий жиноятларга қарши курашиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда атрофлича кўриб чиқилди.
— Мамлакатимизда шахс, жамият ва давлат манфаатларини жиноий тажовузлардан ҳимоя қилиш, тергов органларининг фаолиятини қонун устуворлиги ва қилмиш учун жазо муқаррарлигини таъминлаш тамойили асосида такомиллаштириш, республика молия тизими барқарорлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, — деди депутат Шерзод Тўхташев. — Жумладан, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига бюджет қонунчилиги бузилишининг профилактикасини таъминлаш, иқтисодий жиноятларни ўз вақтида фош этиш, ҳар томонлама, тўла ва холисона тергов қилиш соҳасида қўшимча вазифалар юклатилди. Бу эса, ўз навбатида, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг вазифалари ва ваколатларини амалдаги қонун ҳужжатларида акс эттириш заруратини юзага келтирмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармонига кўра ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси билан Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Бюджет кодексларига Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг иқтисодий жиноятларни тергов қилиш, давлат молиявий назоратини амалга ошириш соҳасидаги ваколатлари аниқлаштирилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, департаментга 7 турдаги иқтисодий жиноятлар бўйича дастлабки терговни амалга ошириш ваколати берилмоқда.
Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида депутатлар томонидан берилган таклифлар эътиборга олиниб, янада такомиллаштирилди. Лойиҳанинг қабул қилиниши жиноятларни тергов қилиш ва бюджет қонунчилиги соҳасида давлат органларининг ваколатларини қонун ҳужжати билан мустаҳкамлаш, қонун нормаларини аниқ ва бир хилда қўлланилишига ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга хизмат қилади.
Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА