Сенатнинг иккинчи ялпи мажлиси давом этмоқда. Мажлиснинг очилишида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг парламент, хусусан, Сенат олдига қўйган долзарб вазифаларига эътибор қаратилди.
Сенат биринчи мажлисида давлатимиз раҳбари мамлакатимизнинг кейинги сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш бўйича стратегик йўналишларни белгилаб бергани қайд этилди.
Шундан келиб чиқиб, кенгаш қарори билан Сенатнинг истиқболга мўлжалланган Ҳаракатлар дастури қабул қилинди. Унда Сенат олдига қўйилган устувор вазифаларни амалга ошириш бўйича қирққа яқин аниқ чора-тадбирлар ва уларни амалга оширишнинг аниқ механизмлари очиб берилган.
Сенат Раиси Танзила Норбоева қонунчилик соҳасида янгича тизимда ишлаш йўлга қўйилганини таъкидлади.
– Президентимиз қайд этганидек, қонунларда ҳудудий ва умумдавлат манфаатлари уйғун бўлишига эришиш лозим, – деди Т.Норбоева. – Аввало, қонунларни маҳаллий кенгашлар билан муҳокама қилиш жараёнига нафақат жойлардаги депутатларни, балки барча жамоатчиликни, маҳалла фаолларига қадар қонун ижодкорлиги жараёнига янада кенг жалб этамиз. Эндиликда Сенат бу йўналишда асосан депутатлар билан бирга ишлайди. Қонунчилик таклифи биринчи навбатда қуйидан, маҳаллий даражадан келиб чиқишига эришилади. Парламент назоратини олиб боришда асосий эътибор ҳудудларга қаратилади.
Давлатимиз раҳбари томонидан ижтимоий-иқтисодий соҳаларда аниқ вазифалар ва катта марралар қўйилмоқда. Мисол учун, Президентимиз томонидан тасдиқланган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурига мувофиқ, келгуси йилда 1,2 миллион аҳолини камбағалликдан чиқариш учун муҳим ижтимоий масалаларни ҳал қилиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Давлатимиз раҳбари, шунингдек, энергетика, транспорт, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги, тиббиёт, спорт, маданият, экология, аҳоли бандлигини таъминлаш каби кўплаб ижтимоий-иқтисодий соҳаларни ҳам бугунги кун талаблари асосида, аҳолига енгиллик яратиш нуқтаи назаридан ривожлантириш бўйича зарур чора-тадбирларни белгилаб берди. Шунга асосан вилоят ҳокимлари томонидан ҳар бир ҳудудни ривожлантириш бўйича дастурлар тақдим этилди. Бунда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларидан ва реал муаммоларидан келиб чиқилмоқда.
Эндиликда мазкур дастурларнинг “маҳалла-туман-вилоят” кесимида ижросини таъминлашга, айниқса, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш бўйича “қизил” ҳудудларга Сенат ва маҳаллий кенгашлар томонидан алоҳида эътибор қаратилади. Мақсад битта: одамларни рози қилиш!, – дея алоҳида эътироф этди Сенат Раиси.
Норгул Абдураимова, Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА