2018 йил 1 январдан бошлаб Республика олий спорт маҳорати мактаблари ва ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабларида “спортчи” лавозими жорий этилган эди.
“Спортчи” лавозимига қўйиладиган талаблар, уларга ойлик иш ҳақи ва устамалар белгилаш тўғрисидаги низом Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақида вазирликнинг “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар бермоқда.
Низомга мувофиқ, “Спортчи” лавозимига қабул қилиш учун қуйидаги талаблар қўйилади:
Танлаган Олимпия спорт турлари билан мунтазам шуғулланиши, доимо ўзининг спорт маҳоратини ошириб бориши ва спорт тадбирларида қатнашиши;
Республика олий спорт маҳорати мактаблари ёки ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабларининг бирида шуғулланиши;
Олимпия ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаларининг асосий таркибидаги спортчи бўлиши;
Танлаган Олимпия спорт турлари бўйича тегишли спорт унвонлари ёки спорт разрядларига эга бўлиши.
Бундан ташқари, низомга кўра “спортчи”ларга спорт мусобақаларида юқори ютуқларга эришганлик учун лавозим маошининг кўпи билан 50 фоизи миқдорида шахсий устамалар берилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Ҳукуматнинг 2017 йил 18 сентябрдаги қарорига мувофиқ, 2018 йил 1 январдан бошлаб Республика олий спорт маҳорати мактаблари ва ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабларида “спортчи” лавозими жорий этилган эди.
ЎзА