Президент Эммануэль Макрон Франциянинг собиқ адлия вазири, “Демократик ҳаракат” партияси етакчиси Франсуа Байруни мамлакат бош вазири этиб тайинлади. Бу ҳақда “Le Monde” ахборот портали хабар бермоқда.

73 ёшли Байру “тажрибали сиёсатчи, кўплаб тарихий китоблар муаллифи ва Макроннинг тарафдори” деб ҳам таърифланади.

Нашрнинг қайд этишича, аввалги бош вазир Мишель Барнье ўз лавозимида уч ойдан камроқ вақт ишлаган. Янги бош вазирнинг биринчи галдаги вазифаси 2025 йил учун бюджет харажатларини Миллий мажлисда маъқуллатишга эришишдан иборат. Француз матбуотининг ёзишича, янги ҳукумат учун ўнглар ва сўллар ўртасида мувозанатни сақлаш жуда қийин бўлади.

4 декабрь куни Франция Миллий мажлиси (парламент қуйи палатаси) 1962 йилдан бери биринчи марта бош вазир ҳукуматига ишончсизлик вотуми учун овоз берди. Овозга ишончсизлик вотуми масаласини сўл «Янги халқ фронти» коалицияси ва ўнг «Миллий бирлашув» партияси олиб чиқди. Барньенинг парламент билан келишмасдан 2025 йил учун ижтимоий суғурта бюджетини тасдиқлаш қарори бунга сабаб бўлди.

Эслатиб ўтамиз, бундан икки ой олдин Францияда навбатдан ташқари парламент сайловлари бўлиб ўтган эди.

М.Пирматова, ЎзА