Тўй — бу нафақат икки ёшнинг оила қуриш маросими, балки бир жамиятнинг маданияти, анъаналари ва ижтимоий қадриятларини акс эттирувчи муҳим тадбирдир. Ҳар бир халқда тўй маросимлари ўзига хос хусусиятларга эга бўлиб, улар вақт ўтиши билан ривожланади ва ўзгаради. Бугунги кунда тўйлар кўпроқ кўркамлик ва дабдаба билан боғлиқ бўлиб, ушбу тадбирларнинг ижтимоий жиҳатлари, шунингдек, молиявий харажатлари ҳам кескин ошиб бормоқда. Кўплаб оилалар ўз фаровонлиги ва мақомини кўрсатиш учун тўйларни ўтказиш жараёнида ўз имкониятларидан ташқари харажатларни қилмоқдалар. Бу эса тўй маросимларининг асл мақсадидан, яъни икки ёшнинг бахтли ҳаётга қадам қўйишидан узоқлашишига олиб келмоқда. Тўйлар, шунингдек, жамиятдаги ижтимоий босим ва рақобат муҳитининг таъсири остида ҳар хил янги анъана ва маросимларга бойиб бормоқда. Ушбу мақолада замонавий тўй маросимларининг ўзига хос хусусиятлари ва уларнинг ижтимоий ва иқтисодий оқибатлари ҳақида фикр юритамиз.
Ўзбек тўйлари ўзига хос ранг-баранглиги ва анъанавий маросимлари билан танилган. Илгари тўйлар содда, самимий ва яқин қариндошлар ҳамда дўстлар доирасига чегараланган эди. Тўй таомлари оддий ва мазали бўлиб, улар оила ва қабила аъзолари томонидан тайёрланарди. Келин-куёвнинг кийимлари ҳам оддий, лекин чиройли ва ўзига хос бўлган. Тўйлар ижтимоий босим ва рақобатнинг таъсири остида ўзгариб бормоқда. Кўпгина оилалар ўз тўйларини қўшниларидан ёки дўстларидан ўзиб кетиш учун ҳашаматли қилишга ҳаракат қилмоқдалар. Бу эса одамларни қарзга ботиб қолишга, ҳатто ўз имкониятларидан ташқари харажатларни қилишга мажбур қилмоқда.
Эътибор бериб кузатаётган бўлсангиз, кундан кунга тўйлар-маъракалар, маросимлар кўпайиб бормоқда. Деярли ҳар куни бу маросимлар сони ортса ортиб боряптики, лекин камаймаяпти. Масалан, тўйдан олдин бўладиган маросимлар, фотиҳа тўй, зирак солиш, нон синдириш, икки кунлаб тўй, тўй кунги картежлар, келин салом, куёвкўрди, қуда танишув ва ҳоказолар. Бу маросимлар фақат мен биладиганлар, ким билади яна қандай маросимлар қолиб кетди!? Энди унга кетадиган харажатлар, исрофгарчиликларни айтмаса ҳам бўлади. Яқиндагина ўзим гувоҳ бўлган бир тўй ҳақида қисқача айтиб бермоқчиман. Шу йилнинг сентябрь ойида яқин дўстимнинг тўйи бўлди. Нон синдириш икки ой олдин бўлган эди, яъни июн ойини ўрталари эди. Қиз тараф розилик берди, нон синдирилди. Масалан, «лове сторийс» фотосессиялари ҳозирги кунда деярли ҳар бир тўйнинг ажралмас қисмига айланди. Келин ва куёв турли гўзал жойларда, ҳашаматли ресторанларда фотосессия қилишлари учун куплаб маблағ сарфлайдилар. Бироқ, кўп ҳолларда фотосессиядан олинган расм ва видеолар фақат тўй куни намойиш этилиб, кейинчалик унутлиб қўйилади. Шу уч ой ичида келин билан куёв «лове сторийс»ига фотосессияга тушадиган бўлишди. Туманимиздаги энг яхши студия мобилографлари гаплашилди. Энг зўр ва таниқли студия бўлгандан кейин нархи ҳам шунга яраша бўлиши аниқ. Бундан ташқари, фотосессия Хоразм вилояти Урганч ҳамда Хива туманларида бўладиган бўлди. Фотосессия учун махсус ресторанлар гаплашиб қўйилган экан. Нархига жуда қизиқдим. Қизиқмасам бўларкан, дея афсусландим. Айтишлари бўйича, бу ресторанлар махсус эмиш. Шунинг учун соати бир миллион экан. Тўғриси ҳайрон қолдим. Ё одамлар шунчалик бой, ёки пулни қаерга сарфлашни билишмайди. Кейин билсам бу хамир учида патирдай гап экан. Бундан бошқа ҳам чиқимлар кўп экан, биргина фотосессия учун. Масалан, куёв тараф бу харажатлар учун масъул. Келин учун келин кўйлак, қимматбаҳо гул. Куёв ўзи ҳам яхши кийинган бўлиши шарт. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Фотосессия ресторанда бўлганлиги учун албатта дастурхон ҳам ёзилиши шарт. Фақатгина келин-куёв учун бўлса ҳам майли эди, келинни дугоналари ва куёвни дўстлари, ҳатто студиядаги мобилографлар учун ҳам шоҳона дастурхон ёзилиши керак. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Бундай фотосессия уч кун давом этади. Яна шундай чиқимдан икки марта бўлади. Биттагина фотосессия учун шунча сарф-харажат. Тўйдан уч-тўрт кун олдин «лове сторйис»ига олинган видео ва расмлар тайёр бўлган экан. Жуда қизиқдим. Икки ё уч соатлик «лове сторий» бўлган бўлса керак деб ўйладим. Телефонимга видеони ташлаб беришди. Не кўзлар билан қарайки, бор йўғи 20 секундлик видео экан холос. Хафсалам пир бўлди ва фотосессия учун кетган харажатлар бирма-бир кўз олдимдан ўта бошлади. Нимамиш тўй куни катта мониторда шу кўрсатувлар қўйилар эмиш. Бу ҳали тўйнинг бир қисми. Ҳали катта тўйда қандай янгилик кутиб турган экан. Шу кунни роса кута бошладим. Орада Фотиҳа тўй ҳам бўлди. Фотиҳа тўй ҳам дабадабали бўлди. Сарполар, келинни қариндошларига сарполар ва келин тараф ҳам куёв тарафга сарпо қилишди. Айтишларича, куёвни онаси орзу-ҳавасли экан. Шунинг учун Фотиҳа тўй ҳам катта бўлиши шарт экан. Хоразмдан Халфалар Фотиҳа тўй учун олиб келинди. Шу куни ҳам халққа ош қилинди. 100 кишилик дастурхон ёйилди.
Фотиҳа тўйлари ҳам ўз харажатлари билан ажралиб туради. Кўпгина оилалар фотиҳа тўйларини катталарча ташкил қилиб, қимматбаҳо совғалар, ош ва дастурхонлар учун кўплаб харажатларни қоплайдилар. Бундай ҳолатларда анъаналар ҳурмат қилиниш билан бирга молиявий имкониятларни ҳам ҳисобга олиш керак.
Роппа-роса бир ойдан кейин катта тўй бўлди. Тўй икки кун давом этди. Биринчи кун қизлар базми бўлди. Тўғри унчалик катта бўлмади. Лекин бу тўй учун ҳам анча харажат бўлди. Сабаби, кортежда фақат Malibu русумидаги автомобиллардан чамаси 15 таси бор эди. Ёшлар туйи учун алоҳида ресторан ҳам банд қилиб қўйилган эди. Шу куни ҳам келин-куёв ва уларни қариндошлари шу ресторанда банкет уюштиришди, яна фотосессия бўлди. Ресторандан чиқиб, шаҳар чеккасидаги тўқайзорда яна фотосессия бўлди. Хулласи, соат 17:00 гача шундай бўлди. Кейин эса катта тўй бўладиган тўйхонада келинсалом бўлди.
Ниҳоят, соат 19:00 да тўй бошланди. Мен эса тўй тугашини интизорлик билан кутардим. Шундай қилиб, тўйга ҳар хил санъаткорлар хизматга келган экан. Тўйхона шундай чиройли безатилган эдики, олдин ҳеч қайси тўйда бундай безакларни кўрмагандим. Кейин суриштирсам у безаклар учун ҳам алоҳида пул тўланар экан. Оддийгина келин-куёв валсга тушган пайтидаги махсус чироқлар учун ҳам миллионлар тўланган экан. Бу мен ҳаётимда кўрган тўйлар ичидаги энг қиммат тўй бўлди. Бу мен гувоҳ бўлган тўйлардан бири эди. Балки сиз бундай тўйларга кўп гувоҳ бўлгандирсиз?
Мен ҳали келинни ўзига кетган сарф-харажатни ёзганим йўқ. Эшитишимча, келинни қалинига ўн тўққиз миллион қалин пули берилибди. Кийим-кечаклари учун ўн миллион сарфланибди. Фотосессия ва тўй учун келин кўйлаклар жами- тўртта. Ўрта ҳисобда уч миллион атрофида пул ишлатилган. Келинни уч марталик макияж ва соч турмаги учун эса бир ярим миллион пул кетган. Энди бутун тўйдаги харажатни ҳисоблаб кўрадиган бўлсак, камида икки юз миллион пул тўй учун сарфланган. Шу тўйни қилиш учун йиллаб йиғилган пулларни бари бир муддатда учди-кетди. Орзу-ҳавасни ҳам чегараси бўлади-да. Бунчалик сарф-харажат зарурмиди? Ёки одамлар кўрсин мени қандай тўй қилганимни дея маҳаллада дув-дув гап бўлиши учун қилиндими ушбу тўй? Бу тўйни кўрган бошқалар ҳам шундай тўй қилгиси келади. Ундан нимам кам у қилган тўйни мен қилолмайманми дея қарз қилиб бўлса ҳам тўй қилади. Ҳатто, кредит олиб ҳам тўй қилаётганлар қанча экан. Шундай бўлишига сабаб, қўшнисидан ёки дўст-у биродарларидан ўзиб кетган ҳолда янгича усулларда тўй қилишга уринишдир. Тўй бўлиши қувонарли ҳолат, лекин кимўзарга, дабдаба учун эмас, икки ёш бахтли оила бўлиши учун ихчамгина тўй ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Ҳар бир оила ўз имкониятларига мос равишда тўй маросимини ташкил қилиши муҳимдир. Анъаналарни ҳурмат қилиш билан бирга, соддалик ва самимият муҳим аҳамиятга эга. Тўй байрами икки ёшнинг бахтли ҳаётга қадам қўйиши учун ёқимли ва эсда қоларли бўлиши керак.
Замонавий тўй маросимлари нафақат байрам, балки ижтимоий мақом ва молиявий имкониятларни кўрсатадиган бир воситага айланган. Ҳар бир маросим ва харажат, баъзан шунчаки кўргазма учун қилинмоқда, бу эса аҳолининг бир-биридан ўзиб кетишга интилишига сабаб бўлади. Кўп ҳолларда тўйлар шунчаки бахтли оила қуришдан кўра, ижтимоий статусни кўрсатиш мақсадида ўтказилмоқда. Бу ҳолат, охир-оқибат, одамларни молиявий қийинчиликларга олиб келиши мумкин. Ҳар бир одам ўз имкониятларига қараб, оддий ва самимий тўй ўтказиш ўрнига, кўп харажатларни талаб қиладиган тадбирларга интилишига сабаб бўлган ижтимоий босимдан қочиши зарур. Шундай қилиб, тўйлар ҳақиқатан ҳам икки ёшнинг бахти учун бўлиши керак, нафақат мажбурият ёки кўргазма учун эмас.
Камила Мадаминова, Бердах номидаги ҚДУ қорақалпоқ филологияси ва журналистика факультети 4-босқиш талабаси.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги