Ҳамиша футболни бразилиялик футболчилар безаб турган. Ҳар қачон!
Келинг, бугун ана шундай “сеҳргар” футболчилар ўлкасидан чиққан энг номдор 10 та ўйинчи билан танишиб чиқамиз.
Пеле
Бразилияда ва бутун дунёда энг яхши футболчи, дея эътироф этиладиган тирик афсона Пеле, 1956 йил 15 ёшида “Сантос” сафида профессионал футболдаги дебют ўйинини ўтказди. 1958 йилги жаҳон кубогини боши узра кўтарганда эса эндигина 17 ёшни қаршилаган ўсмир йигит эди.
Пеле футболчи сифатида 1000 дан ортиқ гол уришга муваффақ бўлган. Голларни “Сантос”да ва қисқа вақт ўйнаган “Нью-Йорк Космос” сафида киритган. У жаҳон чемпионатларида уч марта ғалаба қозонган ягона футболчи. Бразилия термаси таркибида 92 учрашувда 77 бор гол киритган Пеле “пентакампеон”ларнинг тўпурари саналади.
Зико
“Фламенго” футболчиси Зикони ўз ватанида “оқ Пеле” деб аташган. Гарчи у Бразилия билан жаҳон кубогини қўлга кирита олмаган бўлса-да, Зико Жанубий Америка халқлари томонидан тан олинган энг яхши футболчилардан саналади.
Зико 18 ёшида “Фламенго” таркибида дебют қилди. У Рио-де-Жанейро шаҳри клуби учун 400 дан ортиқ голда иштирок этди. Кейинчалик Италияга кўчиб ўтиб, “Удинезе” сафида ҳам икки мавсум тўп сурди. Футболчилик фаолиятини Япониянинг “Кашима Антлерс” клубда якунлади. У миллий терма учун 48 бор гол уришга муваффақ бўлди.
Ромарио
Профессионал футболчилик фаолиятини 19 ёшда бошлаган Ромарионинг дебют учрашувини “Васкода-Гама” клубида ўтказди. 22 ёшида Европага кўчиб ўтди. У ердаги клуби – Голландиянинг “ПСВ Эйндҳовен” жамоаси бўлди. Беш мавсум ПСВда ўйнагандан кейин, “Барселона” таркибида бир мавсум ҳаракат қилди.
Бўйи калта бўлган Ромариони мухлислар чиройли ўйинлари билан яхши эслашади. У ҳатто 40 ёшдан ошган пайтларида ҳам футбол ўйнади. 1994 йил Бразилия билан жаҳон чемпионлигини қўлга киритган Ромарио, “селесао” учун 70 та ўйинда 55 та гол урди.
Роналдо
“Крузейро” сафида 16 ёшни қаршилаган Роналдо, ушбу клубда 34 та ўйинда 34 та гол урди. У ўзи ёқтирган футболчиси – Ромарио таъсирида ПСВ сафига ўтди. Сўнгра “Барселона”, “Интер” ҳамда “Реал” клубларида тўп сурди.
1994 йил Бразилия жаҳон кубогини қўлга киритганда Роналдо терма учун айтарлик ҳеч нарса қилмади. Аммо 2002 йилдаги финалда “Феномено” жамоанинг ғолиблигида асосий иштирокчисига айланди. Бразилия таркибида 98 та ўйинда 62 бор рақиблар дарвозасини ишғол этди.
Денилсон
1998 йил “Сан-Паулу”да “Реал Бетис”га кўчиб ўтганда дунёнинг энг қиммат футболчиси бўлди. Кейинчалик бир қанча клубларда тўп сурди. Францияда бироз муддат ишсиз ҳам қолган кунлари бўлди.
Аммо у терма жамоада муҳим футболчилардан бири сифатида майдонда ҳаракат қилди ҳамда “селесао” билан 2002 йилги мундиалда зафар қучди.
Адриано
Денилсон каби, Адриано ҳам ўз потенциалини эрта рўёбга чиқара олмади. Ҳужумчи 19 ёшида “Интер”ни тарк этиб, қарзга ботиб ётган “Фиорентина”га кўчиб ўтди. Кейинчалик “Парма”да тўп сурди. Бирмунча вақт “Милан”да ҳам ҳаракат қилди.
Гиёҳванд моддалар ҳамда ичкилик таъсирида аввалги формасига қайта олмади. Бразилия учун 48 баҳсда 27 та гол киритиб, “Copa América”, Конфедерациялар кубоги каби мусобақаларда зафар қучди. У ҳозир 36 ёшда. 2016 йилдан буён АҚШнинг “Маями-Юнайтед”и сафида тўп суряпти.
Роналдиньо
У бир марта туғилади ва бир марта вафот этади. Бўлди. Афсуски, бошқа Роналдиньони кўрмаймиз. Бразилиянинг энг яхши футболчиларидан ва эҳтимол, кўп йиллар шундай бўлиб қолар. У 18 ёшида “Гремио” жамоаси сафида дебют қилди. Кейинчалик ПСЖ ҳамда “Барселона” жамоаларида топ даражада ҳаракат қилди. У ҳақида Лео Месси шундай деганди: “Эҳтимол, кимдир, мени энг яхши футболчи деб кўрсатар, бироқ мен учун тарихидаги энг зўр футболчи Роналдиньо бўлиб қолади.”
Каталония клубида кўрсатган хизматлари учун “Ballon d’Or”га муносиб деб топилди. 2002 йилда Бразилия билан жаҳон кубогини қўлга киритган футболчи, “селесао” учун 97 та ўйинда 33 та гол уришга муваффақ бўлди. Миллий терма либосида эса охирги марта 2013 йилда ҳаракат қилди. 38 ёшли афсонавий футболчи шу йилнинг январь ойида фаолиятини расман якунлади.
Робиньо
“Иккинчи Пеле” ва “Бразилия келажаги” дея эътироф этилган футболчи дебют учрашувини 18 ёшида “Сантос” сафида ўтказди. У “Сантос“ сафида 46 та гол киритишга эришди.
“Реал”нинг энг омадсиз трансферларидан бири бўлган Робиньо, 2008 йилда “Ман. Сити” сафига келиб қўшилди. Шаҳардаги омадсизликлардан сўнг “Милан”да ҳаракат қилди. Ҳозир у 34 ёшда. Туркиянинг “Сивасспор” клубида тўп сўрмоқда. Бразилия термаси учун 100 та учрашувда майдонга тушиб, 29 та гол киритди.
Неймар
“Сантос”да 17 ёшида дебют қилган Неймар замонамизнинг энг кучли футболчиларидан саналади. У 2013 йилда “Барселона” сафига келиб қўшилди. Каталония клуби билан 123 та ўйинда иштирок этиб, 68 та гол киритди. 2017 йилда сайёрамизнинг энг қиммат футболчисига айланди. Неймар учун ПСЖ “Барса”га 222 миллион евро тўлаб берди.
Бразилия термаси сафида Россия майдонларида амалга оширган ҳаракатлари билан мухлислар томонидан қаттиқ танқидга учради. Неймар терма жамоа сафида 90 учрашувда майдонга тушиб, 57 бор гол киритишга эришган.
Винисиус Жуниор
Бундан бир неча ҳафта олдин “Реал Мадрид” футболчиси сифатида таништирилган Винисус Жуниор эндигина 18 ёшни қаршилади. Ўтган мавсум Фламенго таркибида асосий футболчилардан бири бўлган Винисусни буюк келажак кутяпти.
10 ёшида “Фламенго” билан шартнома имзолаган футболчи, дебют учрашувини Пеледан бир ёш фарқи билан амалга оширди. У 16 ёшида профессионал футболчи сифатида эълон қилинди. Бразилиянинг келажаги сифатида қаралаётган Винисус асосий терма сафида ҳали майдонга тушганича йўқ. Аммо Бразилиянинг 17 ёшгача бўлган таркибида 22 та ўйинда 19 бор гол уришга эришди. Дарвоқе, ундан ҳам Пеле сингари тақдир кутиб қоламиз.
Интернет материаллари асосида Шоҳрух Нўъмонов тайёрлади