Камбоджада кикбоксинг бўйича ўтказилган Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 20 та олтин, 5 та кумуш ва 3 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўриндан жой олди.
Ана шундай ёрқин ғалабаларни қўлга киритган терма жамоамиз аъзолари Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди. Ушбу маросимда Ўзбекистон спорт вазирлиги, кикбоксинг федерацияси ва бошқа жамоа ташкилотларининг мутасадди раҳбарлари, ОАВ вакиллари ҳамда спортчиларимизнинг ота-оналари иштирок этди.
– Камбоджада ўтказилган Осиё чемпионатида терма жамоамиздан ташқари Қозоғистон, Вьетнам ва Камбоджа вакиллари юқори натижалар кўрсатди. Кескин ва муросасиз ўтказилган беллашувларда спортчиларимиз муваффақиятли иштирок этиб, қитъада тенгсиз эканликларини яна бир карра исботлади, – дейди Ўзбекистон кикбоксинг ассоциацияси раиси Ойбек Нарметов. – Ушбу муваффақиятга эришишимизда мамлакатимизда кикбоксинг спорт турига қаратилаётган улкан эътибор ва спортчи-мураббийларга яратиб берилаётган кенг имкониятларнинг ўрни бор, албатта. Умид қиламизки, кикбоксингчиларимиз бу каби юқори натижаларни қўлга киритишда давом этади.
Маълумот ўрнида: Камбоджа мезбонлигида ўтказилган Осиё чемпионатида 23 терма жамоа иштирок этди. Унда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Вьетнам терма жамоалари умумжамоа ҳисобида кучли учликдан ўрин олди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА