Нукус шаҳрида туризмни ривожлантириш бўйича ташкилот – “DMO Karakalpakstan” расмий офисининг очилиш маросими бўлди.

Тадбирда Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлиги, Германия Федератив Республикаси элчихонаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши вакиллари сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда туризмнинг янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталди.

Таъкидланганидек,  сўнгги йиллар соҳага оид қабул қилинган бир қатор фармон ҳамда қарорлар юзасидан берилаётган имтиёзлар туфайли Оролбўйига ташриф буюрувчи сайёҳлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 12 январдаги “Республикага хорижий туристлар оқимини кескин ошириш ҳамда ички туризмни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида жаҳон туризм бозоридаги кучли рақобат шароитида мамлакатимизга хорижий туристларни кенг жалб қилиш, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш, туризм намойиши объектларидан самарали фойдаланган ҳолда ҳудудларни ўзаро боғловчи туризм хизматларини янада кенгайтириш, соҳада янги иш ўринларини яратиш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Мазкур фармонда республика туризм салоҳиятини хорижий мамлакатларда манзилли тарғиб қилиш билан бирга, ички туризм йўналишидаги туроператорларнинг маҳсулотларини туристларга тақдим қилиш мақсадида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” ички туризм ярмаркасини ташкил этиш вазифаси белгиланган.

“DMO Karakalpakstan” нодавлат нотижорат ташкилоти бўлиб, унинг асосий мақсади  Қорақалпоғистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантириш, маданий меросни сақлаш ва маҳаллий аҳолининг ҳаёт даражасини яхшилашдир.

Тадбир иштирокчилари янги офисдаги шароитлар билан танишди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари