Дунёдаги энг машҳур денгиз қайси эканлигини биласизми? Машҳурлиги шунда-ки, у ҳақида бошқа денгизларга нисбатан кўп айтилган, ёзилган, бонг урилган. Ҳа, бу Орол денгизи. Аслида Орол – кўл, унинг ҳажми катта бўлгандан кейин денгиз мақомини олган. Илмий нуқтаи назардан олиб қараганда, Каспий ҳам кўл ҳисобланади. Бугунги кунда Орол денгиз ҳам эмас, уни кўл деб ҳам айтиб бўлмайди. Собиқ денгизнинг ўрнида пайдо бўлган тузли барханлар ҳозирда Оролқум деб номланади.

Орол сувлари қуриши ҳали ҳам давом этмоқда. Ўзим бунга гувоҳ бўлиб келмоқдаман. 2015 йилда Оролнинг суви сақланиб қолган энг чуқур қисмига бориб сувга сузган жойларимиз ҳозирда ботқоқликка айланиб қолган. Шахсий кузатувларим бўйича сўнгги 7 йил ичида Оролнинг сувлари 300 метргача қайтган. Сувда ҳозирда артемия деб номланалиган зоопланктонлар оиласига мансуб жонзот яшайди. Артемиялар аквамаданиятда фаол истеъмол қилинмоқда ва у иқтисодиётга маълум даражада фойда келтирмоқда. Аммо, сувнинг тузлилик даражаси 300 промиллга етганда (ҳозир 180-190 промилл атрофи) улар ҳам қирилиб кетади.

Орол ўз тарихида 4 марта қуриган, дейилади. Инсониятга катта кулфат келтиргани шу охирги қуриши бўлса керак. Орол қўригандан кейин Оролбўйи минтақасидаги экологик офатнинг салбий оқибатлари глобал миқёсдаги экологик, иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни келтириб чиқарди. Орол денгизининг қуриши ва унга боғлиқ бўлган инқироз асосан қуйидаги йўналишларда ўз аксини топди:

1. Атроф-муҳитнинг деградацияси:

Орол денгизининг суви сезиларли даражада камайиб, денгиз туби очилиб қолди. Шу сабабли денгизнинг катта қисми қум ва туз билан қопланган чўл ҳудудига айланди. Бу чўлдан шамоллар туз ва чанг кўтариб, яқин атрофдаги қишлоқлар ва ҳудудларга, ҳатто узоқ масофаларга ҳам етиб борадиган чанг бўронларини келтириб чиқармоқда. Бу чанг бўронлари ер унумдорлигини камайтиради ва қишлоқ хўжалигига зарар етказади.

Оролнинг қуриши Оролбўйи минтақаси ерларининг тез шўрланишига ва чўлланишига олиб келди. Натижада, сув етишмаслиги туфайли собиқ гидроморф тупроқлар 3-5 йил ичида шўрҳоқликларга айланди. Масалан, Қорақалпоғистонда 1975 йилда суғориладиган ерларнинг 43% шўрланган бўлса, 1985 йилга келиб бу кўрсаткич 80%га етган, 1997 йилда эса 93%ни ташкил этган. Ҳар ўртача 8-10 йилда денгиз яқинидаги шўрҳоқлар қумли тупроқларга айланади. 2000 йилга келиб Сирдарё ҳавзасида 750 минг гектар ер қуриб қолган. Шўрланишдан ташқари, ифлосланиш муаммоси ҳам долзарб бўлиб қолган, чунки қишлоқ хўжалиги ерларини ишлов беришда қўлланилган кимёвий моддалар денгиз ботқоқликларида тўпланиб қолган. Оролнинг чекиниши натижасида шамол бу зарарли моддаларни тарқатиб, янада кўпроқ ерларга зиён етказа бошлаган. 2006 йил охирига келиб Ўзбекистон ҳудудида денгиз тубидан 785 минг гектар қуриб қолган ер юқори экологик хавф ҳудуди сифатида тан олинган.

Маълумотларга қараганда, Қорақалпоғистонда 1 гектар жойга ҳар йили 5 тонна туз тушар экан. Булар айнан Орол денгизининг қуриган тубидан ҳавога кўтарилаётган зарарли аэрозол тузлардир. 2017 йил баҳор ойида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Бухоро вилоятларига, Туркманистон Республикаси ҳудудларига ёпирилган туз бўрони муаммонинг нақадар даҳшат эканлигини кўрсатиб қуйди.Шу пайтлари қора рангли автомашина ҳайдар эдим. Туз ёғган куни эртасига қарасам, машинам худди қор ёғгандек оқ туз билан бурканган экан.

Мўйноқ, Қўнғирот, Тахтакўпир, Қораўзак, Чимбой каби Оролга яқин ҳудудларда ер доим оппоқ қор билан қоплангандек шўрланиб ётади. Бу ерларда баҳор-ёз ойлари юрсангиз тузли шамоллардан эрнингиз ёрилиб кетади. Бехосдан тилингиз эрнингизга тегиб кетса, заҳарли тузнинг таъмини сезасиз.

Орол денгизининг қуриши бевосита иқлимнинг кескин ўзгаришига олиб келди, бу ҳолат нафақат Марказий Осиёда, балки бошқа ҳудудларда ҳам сезилди. 1960-йиллардан бошлаб, Орол денгизи атрофида ҳарорати 40 даражадан юқори бўлган кунлар сони икки баробарга ошган. ЮНЕП халқаро экспертларининг 2035-2050 йилларга мўлжалланган баҳоларига кўра, минтақада ҳаво ҳарорати 1,5-3 даражага ошиши мумкин. Бу ўзгариш сувнинг буғланиши ҳисобига 10-15% ва ўсимликлар транспирацияси орқали 10-20% йўқотишга олиб келади.

Ўзбекистонда мавсумий қуруқчиликнинг кучайиш тенденцияси аниқ кўзга ташланиб, Орол денгизи қуриш жараёни минтақадаги иқлим шароитларини ўзгартиришига салбий таъсир кўрсатганини тасдиқлайди.

Орол денгизи ҳалокати иқлимнинг континенталлигини кучайтирди, ёзги қурғоқчилик ва иссиқликни ошириб, совуқ ва қаттиқ қишларни узайтирди. Шунингдек, ландшафт биоҳафзасига салбий таъсир кўрсатиб, Устюрт чинклари, оролларнинг қуруқ пасттекисликлари, эрозия ва шўрҳоқли ҳавзалари, эол қум тепаликлари каби ландшафтларнинг йўқолишига олиб келди.

  1. Орол инқирози минтақада яшайдиган одамларнинг саломатлигига ҳам жиддий хавф солмоқда. Аҳоли учун сифатли ичимлик сувидан фойдаланиш масаласи энг долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. Хусусан, Оролбўйи аҳолисининг ярмидан кўпи, айниқса қишлоқ ҳудудларида яшовчилар етарли даражада тозаланмаган ва юқори минералли сувдан фойдаланишга мажбур бўлишмоқда. Расмий статистика маълумотларига кўра, Қорақалпоғистон Республикасида 2006-2016 йиллар давомида марказлашган сув билан таъминланганлик даражаси 71,3% дан 66,6% гача пасайган. Қишлоқ ҳудудларида эса марказлашган иссиқ сув таъминоти умуман йўқ (99,3%), марказлашмаган сув таъминоти тизимлари эса барча хонадонларда ишламайди (27,5%).

Ичимлик сувининг ифлосланиши ва қуриб қолган Орол денгизи тубидан кўтарилган чанг ва тузлар аҳолининг касалланиш даражасига, болалар ва умумий ўлим ҳолатларининг юқори бўлишига катта таъсир кўрсатади. Бу ҳолат, шунингдек, анемия, буйрак касалликлари, ошқозон-ичак хасталиклари, нафас олиш йўллари, қон, сийдик тузилиши, жигар ва юрак-томир тизимларида касалликларнинг ошишига сабаб бўлмоқда.

Сўнгги ўн йилликда Қорақалпоғистон Республикасида болалар ўлими Ўзбекистоннинг ўртача кўрсаткичларидан 13% юқори бўлиб, она ўлими ўртача 17% га юқори бўлган. Республикада сил касаллиги бўйича ўлим даражаси энг юқори даражада (ҳар 100,000 аҳолига 19,4 ҳолат), бу кўрсаткич Ўзбекистон бўйича ўртача кўрсаткичдан уч баравар юқори.

Қорақалпоғистонда охирги ўн йилликда ўткир ичак инфекциялари билан касалланиш 100,000 аҳолига 188 та ҳолатни ташкил этган, бу Ўзбекистон бўйича ўртача кўрсаткичдан 1,4 баравар юқори. Респиратор тизими касалликлари орасида сурункали бронхит кўрсаткичи мамлакат бўйича ўртача кўрсаткичдан 2,5–3 баравар юқори.

Жойларда болалар бу салбий таъсирдан жиддий зарар кўради, бу эса Оролбўйи аҳолисининг генетик фонди учун алоҳида хавф туғдиради ва оқибатлари қайта тикланмас даражада бўлиши мумкин. Қорақалпоғистонда ҳомиладор аёллар қонида ва она сутида диоксин миқдори Европага нисбатан 5 баравар кўп эканлиги аниқланган.

      3. Иқтисодий таназзул:

Орол денгизининг қуриши билан балиқчилик саноати инқирозга учради. Илгари балиқчилик билан машҳур бўлган бу ҳудудда кўплаб одамлар ишини йўқотди. Бунинг оқибатида маҳаллий иқтисодиёт заифлашиб, кўплаб оилалар молиявий қийинчиликларга дуч келмоқда.

Орол денгизи мавж уриб турган пайтида унинг атрофида 60 минг киши иш (асосан балиқчилик) билан банд бўлишган. Мўйноқда бутун собиқ Иттифоқга номи маълум бўлган оромгоҳ ва пансионатлар фаолият юритган.

«Иккинчи Артек» деб номланган «Рахат» болалар дам олиш оромгоҳига бутун Собиқ Иттифоқ давлатларидан болалар келган. Буларнинг барчаси ҳозир саробли ўтмишда қолиб кетди.

 

  1. Биологик хилма-хилликнинг йўқолиши:

Орол денгизининг экологик тизими жиддий зарар кўрган. Денгиз сувлари шўрлиги ортгани сабабли балиқ ва бошқа денгиз ҳайвонлари йўқ бўлиб кетди. Орол атрофидаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳам камайди, бу ҳудуднинг биологик хилма-хиллигини пасайтирди. Хусусан, Орол денгизида ноёб ҳисобланган бакра балиғи йўқолиб кетди.

Орол денгизи сув режими ўзгариши Амударё ва Сирдарё дарёлари ҳавзасидаги экотизимларга катта таъсир кўрсатди. Денгиз ўзининг 200 км атрофидаги иқлимга шакллантирувчи таъсир кўрсатган. 1974 йилга келиб, умумий майдони 7 минг гектар бўлган 30 кўл қуриб қолди, 1961 йилда 600 минг гектарга тенг қамиш заҳиралари 100 минг гектаргача қисқарди. Қамиш билан қопланган тоғонли-ботқоқ ерлар шўрланишга дучор бўлди. Ер ости сувлари сатҳининг тушиб кетиши тўқай ўрмонларининг йўқолишига олиб келди. 173 та ҳайвонот турларидан фақат 38 таси сақланиб қолди, уларнинг ҳам популяцияси жуда нозик ҳолатда. Масалан, Орол қуришидан олдин сайғоқлар сони 1 миллионга етиб борган бўлса, ҳозирда уларнинг сони 150-200 тагача тушиб қолган.

Орол ихтиофаунасига катта зарар етказилди — денгиз майдонининг қисқариши ва шўрланишнинг ўсиши натижасида деярли барча эндемик турлар йўқолди. Денгиз атрофидаги кўл тизимларидаги балиқлар сони 20 баробарга қисқарди. ХХ асрнинг ўртасигача Орол денгизида 30 тур балиқ мавжуд бўлиб, улардан 10 таси сунъий йўл билан олиб келинган эди. 1970-йилларга келиб, барча эндемик турлар йўқ бўлган. 2004 йилдан бошлаб Катта Оролда балиқ қолмаган.

Оролбўйи минтақасидаги бу экологик офат глобал миқёсда ҳам жиддий ташвишга сабаб бўлмоқда. Шу боисдан халқаро ҳамкорликда бир қатор тиклаш лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Умуман олганда, Орол инқирозининг салбий оқибатларини шулар билан якунлаб қўйиш нотўғри бўлади. Глобал миқёсдаги муаммо касб этган Орол инқирози аҳолининг демографик, ижтимоий муаммоларига ҳам сабаб бўлмоқда. 2017 йилдан кейин Орол муаммосига Ўзбекистон Ҳукумати жиддий назар ташлай бошлади ва собиқ денгизнинг қуриган майдонига чўлга чидамли ўсимликларни экиш кампаниясини бошлаб юборди. Мўйноқ шаҳрини бутунлай янги қиёфага келтирди. Туманда аҳолининг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш мақсадида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Денгиз эса одамлар қалбида ҳамиша яшаб қолмоқда.

Есимқан Қанаатов, журналист