Тошкент шаҳрида қарийб 28 минг хонадонли 638 та кўп қаватли уй қурилмоқда

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Сергели тумани “Чоштепа” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қурилаётган янги уй-жойлар билан танишди.
Бу ерда Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ажратилган 30 гектар ер майдонида чет эллик инвесторлар иштирокида янги қурилиш технологиялари асосида жами 4 минг 20 хонадонли 72 та 7 қаватли уй қурилмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан 2017 йилдан бошлаб мамлакатимизнинг барча шаҳарларида турар жойга муҳтож оилалар учун арзон ва ҳар томонлама қулай уй-жойлар қурилиши бошланди. Аҳоли учун зарур бўлган бундай арзон уйлар узоқ йиллар давомида Тошкент шаҳрида бирорта ҳам қурилмаган эди. Шаҳарларда қурилган уйлар ҳам асосан қиммат тижорат уйлари бўлиб, бу уйларни ижтимоий ҳимояга муҳтож ва бюджетдан маош оладиган оилалар олиш имкониятига эга бўлмаган.
Шуларни инобатга олган ҳолда, Сергели туманида 2017-2022 йилларда 500 кўп қаватли уй қурилиши бўйича махсус дастур ишлаб чиқилди. Бу йирик лойиҳанинг амалга оширилиши қарийб 30 минг оиланинг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш имконини беради.
34ca4e74-c7ee-bad6-7ed1-ceef18fe69f6.jpg
Мазкур дастур ижроси доирасида 2017 йилда Тошкент шаҳрининг Сергели туманида 102 кўп қаватли арзон уйлар қурилиб, 4 минг 88 хонадон ўз эгаларига топширилди.
Тошкент шаҳрида барча манбалар ҳисобига қарийб 28 минг хонадонли 638 кўп қаватли уйлар қурилмоқда. Жумладан, замонавий лойиҳалар асосида жами 15 минг 740 хонадонли 334 арзон уйлар қурилиши амалга оширилаётган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 3 баробар кўпдир.
49172fce-3d44-a7e0-b4d1-929b50b71e6d.jpg
«Чоштепа» маҳалласида қурилаётган уйлар маҳаллий бюджетга прогнозга нисбатан қўшимча тушумлар ҳамда ҳомийлар маблағлари ҳисобига барпо этилаётгани билан аҳамиятлидир. Уйлар Тошкент шаҳар ҳокимлиги тасарруфида бўлиб хонадонлардан бир қисмини уй-жойга муҳтож ногиронларга бепул бериш, қолганларини муҳтож оилаларга вақтинча яшаб туриш учун ва кейинчалик имтиёзли кредит расмийлаштирган ҳолда хусусий мулк сифатида бериш белгиланган. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, мазкур уйлар жорий йилнинг 20 декабрига қадар фойдаланишга топширилади.
Президентимиз қурилиш жараёни билан танишар экан, уйларнинг мустаҳкам ва пишиқлигига, уларни қуришда замонавий, янги ва самарадор технологиялардан фойдаланилаётганига эътибор қаратди.
– Уйлар қурилишида ҳар жиҳатдан қулай ва сифатни таъминловчи илғор технологиялардан фойдаланиш кўламини янада кенгайтиришимиз керак, – деди Шавкат Мирзиёев. – Мамлакатимизда бу каби уйлар қурилиши тизимли давом этади. Шу боис қурувчи кадрларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратишимиз керак. Ёшларимиз қурилиш саноатида энг сўнгги технологияларни, инновацион ғояларни ҳаётга татбиқ этишга қодир бўлиши зарур.
Давлатимиз раҳбари уйлар қуришнинг замонавий ютуқларини ўзлаштириш, бундай уйларни бошқа жойларда ҳам лойиҳалаштириш бўйича топшириқлар берди.

 

Алоуддин Ғаффоров, ЎзА