Пойтахтимизда илк маротаба аксилкоррупция соҳасида Халқаро медиа форум бўлиб ўтмоқда.

Мазкур нуфузли форум ўтган йили Ўзбекистонда бўлиб ўтган Коррупцияга қарши курашиш бўйича юксак халқаро мукофот билан тақдирлаш маросимида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббус асосида ўтказилмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги  томонидан БМТ Тараққиёт дастури, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси ҳамкорлик бўлими, Халқаро ҳамкорлик бўйича Германия жамияти, шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон миллий медиа бирлашмаси, Халқаро пресс-клуб ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Латвия, Сингапур, Филиппин, Австрия, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари ҳамда Ўзбекистон етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари, вазирлик ва идораларнинг матбуот котиблари, халқаро экспертлар, дипломатик корпус вакиллари иштирок этмоқда.

Форумда сўзга чиққан БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужии коррупцияга қарши курашиш доирасида бундай медиафорумнинг ташкил этилгани катта аҳамиятга эга эканини қайд этди.

– Аслида коррупцияга қарши курашиш глобал даражада  аҳамиятли, – деди А.Фужии. – Чунки шу иллат туфайли мамлакатларда ривожланиш бўлмай, халқи қашшоқликда яшашга мажбур бўлмоқда. Ўзбекистонда ҳам коррупцияга қарши курашиш, шу йўл билан камбағалликни бартараф этиш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилмоқда ва сезиларли натижаларга ҳам эришилди. Бу БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси талабларига ҳам мос келади. Айтиб ўтиш керакки, коррупцияга қарши курашишда медия муҳим ўрин тутади. Бу соҳа вакиллари давлат хизматчиларининг фаолиятини кузатиб боради, уларнинг адолатли ишлашига маълум маънода таъсир кўрсатади. Чунки ОАВ ходимлари кузатиш билан чекланмай, маълумот тўплайди, уни оммага ахборот сифатида тарқатади. Яъни, очиқлик асосида жамият коррупциядан тозаланади. Демак, коррупцияга қарши курашишда медиа имкониятларини ошириш бўйича натижадор ҳамкорликни  янада мустаҳкамлаш зарур.

                                                         Норгул Абдураимова,

                                                         Носир Ҳайдаров (сурат),

                                                         Нишон Абдуовитов (видеооператор), 

ЎзА мухбирлари