Таиландда Осиё суд экспертиза тармоғи (AFSN)нинг 16-ялпи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистондаги Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертиза маркази ходимлари ҳам иштирок этди.

Тадбирда суд-экспертиза технологиялари ва уларнинг келажакдаги ўрни, суд-экспертиза тадқиқотларида гиёҳванд моддаларни таҳлил қилиш муаммолари, ДНК ва инсон ҳуқуқлари, Осиё мамлакатларида қонунчилик доирасида ДНК маълумотлар базаларини кенгайтириш масалалари, суд экспертизасида далиллар қийматини баҳолаш доираси ҳамда AFSN  томонидан ўтган йиллар давомида амалга оширилган ишлар ва мавжуд муаммолар бўйича фикр алмашилди.

Шу билан бирга, AFSN президентлигига Малайзия Фан, технология ва инновациялар вазирлиги қошидаги Кимё департаменти Сифат менежменти ва тадқиқот маркази раҳбари Нор Аидора Бинти Саэдон хоним сайланди. Шунингдек, марказнинг ходим ва экспертлари AFSNнинг 9 та ихтисослаштирилган ишчи гуруҳи ва 1 та қўмитаси таркибига киритилди ва тасдиқланди.

Йиғилиш доирасида AFSN бошқаруви кенгаши президенти, Филиппин Миллий полицияси суд-экспертиза гуруҳи (Philippine National Police Forensic Group) раҳбари ва бошқа бир қатор хорижий ташкилот вакиллари билан учрашувлар бўлиб ўтди.

Учрашувларда Ўзбекистонда суд-экспертизаси фаолиятида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва эришилган натижалар ҳақида ахборот берилиб, суд-экспертизаси муассасалари ўртасида соҳада кенг қамровли ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.

Н.Абдураимова,

ЎзА