ФОТОРЕПОРТАЖ

Нукусда “Кибермаданиятни  юксалтириш” ойлиги якунига бағишлаб тадбир ташкил этилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Ички  ишлар  вазирлиги  Киберхавфсизлик  маркази, олий  таълим  муассасалари  масъул ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок  этди.

Жорий йилнинг 1-31 июль кунлари Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган “Кибермаданиятни юксалтириш” тарғибот ойлиги доирасида маҳаллалар, корхона ва ташкилотларда ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил этилди. Шунингдек, кибержиноятларга қарши курашни тарғиб қилувчи “Энг фаол маҳалла”, “Энг яхши миллий контент” сингари танловлар, огоҳликка чақирувчи оммабоп челленжлар ўтказилди.

Тадбирда мамлакатимизда содир этилаётган кибержиноятлар кўп ҳолларда банк пластик карталари билан боғлиқ эканлиги, бу орқали эса фуқароларга моддий зарар етказилаётгани ҳақида сўз юритилди.

Таъкидланганидек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида фуқароларнинг кибержиноятлар қурбонига айланишининг олдини олиш ҳамда уларга қарши курашишда энг самарали йўллардан бири – фуқароларда “кибергигиена”ни шакллантириш юзасидан муҳим вазифалар белгилаб берилган.

Тадбирда ойлик доирасида ташкил этилган танловлар ғолиблари ҳамда фаол иштирокчиларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Якунда иштирокчилар эътиборига Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат),ЎзА