Куз-қиш мавсумига тайёргарлик

“Тахиатош ИЭС” акциядорлик жамиятида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2024-2025 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ишлари доирасида режага асосан электр станциясининг 7-сонли энергоблокда истеъмолчиларга сифатли ҳамда барқарор электр энергияси етказиб бериш мақсадида мукаммал таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Энергоблокнинг юқори, ўрта ва паст босим цилиндрлари, генератор роторлар ва  подшипникларда ревизия ишлари, энерго ва иссиқлик механизм ускуналар кўздан кечирилиб, аниқланган нуқсонлар бартараф этилмоқда. Мазкур жараёнга жами 200 нафардан зиёд малакали ва тажрибали мутахассиси жалб қилинган.

Пиллакорлар малака оширди  

Тўрткўл  тумани “Тозабоғёп” овул фуқаролар йиғинида лидер агроном аёллар, пиллакорлар ва ипак қурти боқиш истагида бўлган хотин-қизларнинг малакасини ошириш, илғор технологияларни ўзлаштириш бўйича ўқув семинари бўлиб ўтди.

Семинарда сўзга чиққан масъуллар иштирокчиларга соҳадаги янгиликлар ва пиллачилик натижасидаги даромад борасида сўз юритди. Тадбир давомида пилла хомашёсидан ишлаб чиқарилган хон атлас ва адрас матолари, тайёр кийимлар кўргазмаси ташкил қилинди.

Тадбирлар давом этмоқда  

Йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан мунтазам равишда рейд тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Шундай тадбирлардан бири Амударё тумани ҳудудидан ўтувчи асосий йўлларда ҳам ташкил этилди.

Тадбир давомида ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан тегишли тартибда чоралар кўрилди. Жумладан, автотранспорт воситасини маст ҳолатда бошқарганликда гумон қилинган фуқаролар белгиланган тартибда тиббий текширувдан ўтказилди ва уларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

ЎзА мухбири.