Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигида Россия Федерацияси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Сергей Музиченко бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Тоир Алиматов ва бошқа масъуллар иштирок этди.
С.Музиченко Ўзбекистонда уй-жой ва коммунал соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, рақамлаштиришга оид олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳамда «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимининг имкониятлари билан танишди. «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими ҳақида тақдимот қилинди.
Шунингдек, учрашувда Техник меъёрлаш ва стандартлаштириш илмий-тадқиқот институти директори Шерзод Содиқов ҳамда вазирлик масъули Азизхўжа Азизов меҳмонларга «Қурилиш ресурслари миллий классификатори», БИМ технологиялари ва «ҳажм услуби» ҳақида ҳам тақдимот қилди.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, классификаторда тадбиркорлик субъектлари «Электрон рақамли имзо» орқали рўйхатдан ўтиб, қурилиш ресурслари бўйича техник маълумотлар ва нарх параметрларига оид эълонларни жойлаштиришлари мумкин.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича давлат дастурларини шакллантириш ва амалга ошириш жараёнларини самарали ташкил этишнинг қўшимча чоралари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида 2025 йил 1 январдан бошлаб лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш ва объектларни фойдаланишга қабул қилишда қурилиш харажатларини баҳолашнинг «ҳажм» услубига ўтилиши белгиланган.
Мулоқотда ана шулар ҳақида сўз борди.
Ш.Маматуропова, ЎзА