Конституцияда маҳаллий вакиллик ва ижроия органларининг ваколатлари бир-биридан ажратилгани маҳаллий кенгашлар фаолиятини кучайтирди.
Кенгашларнинг вазифа ва ваколатлари аниқ белгилаб қўйилгани депутатларнинг ҳудудлардаги муаммоларга ўз вақтида муносабат билдириш, зарур ҳолларда керакли чораларни кўришини тақозо қилади.
Шу мақсадда Олий Мажлис Сенати томонидан халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатлари томонидан ўз сайловчилари олдида ахборот беришининг намунавий тартиби ишлаб чиқилди.
Ушбу намунавий тартибни республикадаги барча маҳаллий кенгашлар депутатлари фаолиятида жорий этиш мақсадида Наманган, Андижон, Фарғона вилоятлари билан zoom платформаси орқали семинар ташкил этилиб, унинг мазмун-моҳияти мутахассислар томонидан депутатларга етказилди.
Жумладан, мазкур намунавий тартиб билан депутатнинг ахборот беришини ташкил этиш, сайловчиларни ахборот бериладиган жой ва вақт тўғрисида олдиндан хабардор қилиш, ахборот бериш жараёнида давлат органлари ва ташкилотларининг иштирокини таъминлаш ҳамда уларнинг ушбу жараёндаги вазифалари белгилаб берилган.
Шу билан бирга, депутат ахборотида қайд этилиши лозим бўлган маълумотлар ва уларга қўйилган талаблар, сайловчилар билан учрашувда аниқланган муаммоли ҳолатларни ўрганиш ва уларни депутат томонидан ҳал этиш каби муҳим нормалар белгиланган.
Йиғилиш якунида ушбу намунавий тартибни амалиётга жорий этиш орқали маҳаллий кенгаш депутатларининг ўз сайловчилари олдида ахборот бериш жараёнларини тизимлаштириш, унда бир хил ёндашувни таъминлаш ҳамда учрашувларда сайловчилар томонидан кўтарилган масалаларнинг ҳал этилиши устидан самарали депутатлик назоратини ўрнатишга эришилиши зарурлиги таъкидланди.
Н.Абдураимова, ЎзА