Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев жамиятимизда коррупцияни бартараф этиш бўйича ҳуқуқий асосларни яратишга катта эътибор қаратди. 

Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йилги сайловолди дастурида коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалаларини самарали ечиш устувор вазифалардан бири бўлиб қолиши таъкидланган.

Шунингдек, Ш.Мирзиёев ташаббуси билан киритилган «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун 2016 йил 24 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, бу қонун 2016 йил 13 декабрда Сенат томонидан маъқулланди.

2017 йил 3 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти «Коррупцияга қарши кураш тўғрисида»ги қонунни имзолади.

Ушбу қонунга кўра, Коррупцияга қуйидагича таъриф берилди, яъни коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш бўлиб ҳисобланади.

Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари

аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш;

давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш;

коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш эканлиги белгиланди.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси;

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти этиб белгиланди.

Кейинчалик, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил
7 февралдаги ПФ-4947-сонли фармони билан 2017- 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси тасдиқланди.

Ушбу ҳаракатлар стратегиясининг иккинчи йўналиши, яъни қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишда жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш юзасидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларнинг бири сифатида коррупцияга қарши курашишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш ва коррупцияга қарши курашиш тадбирларининг самарадорлигини ошириш белгиланди.

2019 йил 27 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5729-сонли Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармоннинг 1-иловасига кўра, “2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш» давлат дастури тасдиқланиб, дастурда 4 та йўналишда 35 банддан иборат вазифалар белгилаб берилган бўлиб, улар қуйидагилардир:

Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш;
Давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, имконият яратувчи сабаблар, шарт-шароитлар ва оқибатларини бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш;

Коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича халқаро ҳамкорлик.

Бундан ташқари, мазкур Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари раҳбарлик қилувчи коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш бўйича махсус комиссия тузилди.

2020 йили 29 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилиб, ушбу агентликнинг ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, вазифалари белгилаб берилди.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ва унинг ҳудудий идоралараро комиссиялари Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ва унинг ҳудудий кенгашлари этиб қайта ташкил этилиб, агентлик Миллий кенгашнинг ишчи органи этиб белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йил
6 ноябрь куни лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида келаси беш йилда асосий вазифаларни белгилаш, «Ҳаракатлар дастуридан – Тараққиёт стратегияси сари» деган асосий ғояни амалга оширишда коррупция масаласига тўхталар экан, сўнгги беш йилда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсати даражасига олиб чиқилганлигини таъкидлаб, Президент «Бундан буён ҳам тараққиёт кушандаси бўлган ушбу иллатга барҳам беришга давлат ва жамиятнинг барча куч ва воситаларини сафарбар этамиз. Бу борада айбдорларни ҳуқуқий жавобгарликка тортиш билан чекланиб қолмасдан, тизимли превентив чораларни кўриш зарур. Шу асосда коррупциянинг нафақат оқибатларини, балки сабабларини олдиндан бартараф этиш бўйича таъсирчан чоралар амалга оширилади.” дея таъкидлади.

Президентнинг ушбу фикрлари, яъни коррупциянинг олдини олишда айбдорларни ҳуқуқий жавобгарликка тортиш билан чекланиб қолмасдан, тизимли превентив чора-тадбирларни кўриш, яъни коррупциянинг сабабларини барвақт баратараф этиш бўйича таъсирли чораларни амалга ошириш келаси беш йилда амалга ошириладиган давлат сиёсатининг йўналишларини белгилаб берди деб ҳисоблайман.

Айнан ушбу фикрларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 12 январь куни “Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-81-сонли қарори қабул қилиниб, давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларнинг самарадорлигини таҳлил қилиш, баҳолаш ва камчиликларни бартараф этишга қаратилган Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш ва коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш қуйидаги бешта йўналиш бўйича белгиланган индикаторлар асосида амалга оширилиши белгиланди:

давлат ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш бўйича механизм ва ҳуқуқий асосларнинг яратилганлиги ҳамда амалиётга татбиқ этилганлиги;

коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш ва уларни камайтириш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилганлиги;

давлат ташкилотлари раҳбарларининг коррупцияга қарши муросасиз муносабатни кўрсатувчи хатти-ҳаракатларининг мавжудлиги;

ходимларнинг коррупцияга қарши курашишга оид ички тартиб-тамойиллардан хабардорлиги ҳамда ушбу соҳада билим ва кўникмаларини ошириш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилганлиги;

коррупцияга қарши курашиш бўйича тегишли соҳа ёки тармоқ кесимида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ушбу иллатга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган тарғибот тадбирларининг самарадорлиги.

Рейтинг баҳолаш тизимининг барча соҳаларга татбиқ этилиши жамиятимизда коррупциявий ҳолатларни бўлдирмасликка, соҳа раҳбарларининг шахсий масъулиятини оширишга хизмат қилади деб ҳисоблаймиз.

Кыпшакбаев Кайрат Муратович,

Нукус туманлараро маъмурий суди судьяси.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги