Мажлисни кириш сўзи билан очган Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Одилжон Тожиев мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеликларга тўхталди. Жумладан, ёзги Олимпия ўйинларининг дзюдо баҳсларида олтин медални қўлга киритган ҳамюртимиз Диёра Келдиёрованинг ютуғини эътироф этиб, бунданда юксак муваффақиятларга эришишини тилади.
Шунингдек, мамлакатимизда старт олган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сайлови кампанияси ҳақида алоҳида тўхталди:
– Ушбу сайлов юртимизда демократик давлатчиликнинг ёрқин намунаси, фуқароларимизнинг сайлаш ва сайланиш, давлат органларини демократик тарзда шакллантиришда иштирок этишга бўлган конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришнинг муҳим воситасидир. Шу нуқтаи назардан, мазкур сайлов нафақат юртимизда, балки жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам катта қизиқиш билан кузатиб борилиши шубҳасиз.
Янги таҳрирдаги Конституция талаблари асосида ўтказилаётган бу галги сайловларнинг қатор ўзига хос жиҳатлари бор. Хусусан, мамлакатимиз тарихида илк бор Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловлари аралаш сайлов тизими – мажоритар ва пропорционал тизим асосида ўтказилади. Яъни, депутатларнинг 75 нафари бевосита мажоритар тизим асосида, қолган 75 нафари эса пропорционал тизим бўйича сиёсий партияларга берилган овозлар асосида сайланади. Иккинчидан, барча даражадаги сайлов комиссиялари фаолияти, уларнинг сайлов жараёнлари иштирокчилари билан ўзаро муносабатлари тўлиқ рақамлаштирилди. Учинчидан, сайлов қонунчилиги илғор демократик стандартларга мос равишда такомиллаштирилди. Жумладан, сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодларни кўрсатишда аёлларнинг улуши камида 40 фоиз бўлиши белгиланди.
Олдимизда турган ушбу муҳим ва йирик сиёсий тадбирда барчамиз муносиб иштирок этишимиз зарур. Сиёсий партиялар бу борада аллақачон ишга киришган. Депутатларимиз ҳам сайлов округларидаги учрашувларда, жойларда ташкил этиладиган тадбирларда фаол қатнашиб, фуқароларга, сайловчиларга мазкур сайловнинг аҳамиятини, сайлов тизимига жорий этилган янгиликларнинг моҳиятини етказган ҳолда тушунтириши мақсадга мувофиқ, – деди Одилжон Тожиев.
Шунингдек, Спикер ўринбосари 30 июль – Халқлар дўстлиги куни муносабати билан давлат раҳбарининг табриги, унда билдирилган фикрларга ҳам тўхталиб ўтди. Халқ вакиллари сайловчилар билан учрашувларда ушбу муҳим сананинг жамиятимиз ҳаётида тутган ўрни ва аҳамиятини аҳолига етказишда фаол бўлиши лозимлигини таъкидлади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА