Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги глобал трендлар ва минтақавий хусусиятлар: Ўзбекистон – Хитой назарияси” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Ушбу тадбир Хитой Инсон ҳуқуқларини ўрганиш жамияти билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Давра суҳбатини олиб борган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Марказ директори Акмал Саидов қайд этганидек, Ўзбекистон ва Хитой давлатлари раҳбарлари биргаликда олиб бораётган истиқболли стратегик ҳамкорлик сиёсати туфайли кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасида турли йўналишлар, жумладан инсон ҳуқуқи соҳасидаги ҳамкорлик янги, янада юқори босқичга кўтарилди.

Тадбирда Хитой Инсон ҳуқуқларини ўрганиш жамияти доимий қўмитаси раиси ўринбосари Цзян Цзяньго ва ушбу давлатнинг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь ҳам сўзга чиқди.

Шунингдек, жамият директори профессор Мао Жунхиангнинг “Глобаллашув шароитида инсон ҳуқуқи – халқаро муносабат омили сифатида: Хитой тажрибаси”, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси ўринбосари Асқар Ғофуровнинг Конституциявий суднинг инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятига оид, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляковнинг “Ўзбекистон-2030” стратегияси устувор мақсадлари” мавзуларидаги маърузалари тингланди.

Мазкур анжумандан кўзланган мақсад инсон ҳуқуқи соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ҳар томонлама тажриба алмашиш, соҳага оид долзарб глобал тенденциялар ва минтақавий хусусиятларни муҳокама қилиш, ҳар икки мамлакатда инсон ҳуқуқи билан боғлиқ ҳолатни яхшилашга қаратилган қўшма стратегия ва ташаббуслар ишлаб чиқишдан иборат.

Мутахассислар барча йўналишларда ўзаро муносабат фаоллашиб, кўп томонлама мулоқот мустаҳкамланиб бораётганига эътибор қаратишди. Мамлакатларимиз минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан бир-бирини қўллаб-қувватлаётгани алоҳида эътироф этилди.

Хитойлик меҳмонларга мамлакатимизда инсон ҳуқуқи соҳасида эришилган ютуқлар, шунингдек “Ўзбекистон-2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифалар ижроси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси, янги таҳрирдаги Конституция нормаларини рўёбга чиқариш борасидаги саъй-ҳаракат ҳақида батафсил маълумот берилди.

Қизғин мунозарага бой, самимий ва дўстона руҳда ўтган учрашувда томонлар шерикликни янада мустаҳкамлашга келишиб олдилар. Учрашув умуман Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлигини чуқурлаштиришда ҳам муҳим амалий аҳамият касб этишига ишонч билдирилди.

Давра суҳбатида Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Конституциявий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги академиялари, Тошкент Давлат юридик университети, Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти, инсон ҳуқуқи бўйича миллий институтлар вакиллари, фуқаролик жамияти фаоллари иштирок этди. Давлат идоралари, илмий-таълим муассасалари ва нодавлат ташкилотларнинг жами 40 дан зиёд эксперти қатнашди.

Муҳаррама Пирматова,

Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА