Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси йиғилишида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, янги таҳрирдаги Конституция билан киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар доирасида ҳоким ва Кенгаш раиси лавозимлари бир-биридан ажратилгани “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунга тегишли ўзгартиришларни киритишни тақозо этмоқда.
Бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси билан маҳаллий Кенгашларга депутатлар орасидан сайланадиган раис бошчилик қилиши, унинг жамоатчилик асосида фаолият юритиши ва уни муддатидан олдин лавозимдан озод қилиш мумкинлиги белгиланмоқда.
Ҳокимлар номзоди Кенгашларда кўриб чиқилаётганида улар ҳудудни ривожлантириш дастурини маҳаллий Кенгашларга тақдим этиш тартиби жорий этиляпти. Қолаверса, маҳаллий Кенгаш ва ҳоким қабул қиладиган ҳужжатлар Ягона электрон тизимда рўйхатдан ўтказилиши ва тизимга жойлаштирилиши, рўйхатдан ўтказилмаган ҳужжатларнинг ҳақиқий эмас, деб ҳисобланиши ва ҳуқуқий оқибатларга олиб келмаслиги мустаҳкамланмоқда.
Йиғилишда таъкидланганидек, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида берилган бир қатор таклиф-тавсиялар инобатга олинган. Хусусан, халқ депутатлари Кенгашининг иш тартибига Кенгаш текшируви киритилмоқда. Бундан ташқари, Кенгашлар ҳудудий дастурлар, шунингдек, Кенгаш қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқишда ҳамда уларнинг ижросини назорат қилишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорлик қилишлари мумкинлигига оид қоида ўрнатиляпти.
М.Комилова, ЎзА