Ўзбекистоннинг пахта-тўқимачилик кластери тизими тажрибаси бугунги кунда кўплаб давлатларни қизиқтирмоқда. Хусусан, Қирғизистон, Қозоғистон, Покистон каби мамлакатлар шулар жумласидандир.
Масалан, Қозоғистондаги «Global Textile Turkestan» компанияси Туркистон вилоятининг фермер-пахтакорлари билан самарали ҳамкорлик қилмоқда. Шунингдек, Тожикистонда «Zelal Tekstil», Қирғизистонда «Art Soft» лойиҳалари амалга оширилган эди. Энди Озарбайжон ҳам улар сафида.
Ўзбек модели асосидаги пахта тўқимачилик кластери фаолияти бу гал мустақил равишда илк маротаба Озарбайжонда ҳам ташкил этилди. Бу эса давлатимиз раҳбаринг Озарбайжонга ташрифидан сўнг бошланган музокараларнинг муваффақиятидир.
Озарбайжонда «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси делегацияси ўтказган музокаралар натижасида «TST Textile Group» томонидан Имишли ҳудудидан 5826 гектар майдон танланди. Амалга оширилувчи тўлиқ занжир бешта йўналишда бўлади.
3500 тонна мато, 800 минг дона тайёр маҳсулот, 9500 тонна пахта ёғи, 7 000 тонна пахта толаси ҳамда 7000 тонна ип-калава маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган лойиҳа шартномаси имзоланди.
– Кластер тизимига ўтиш мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик саноатида бурилиш ясамоқда, – дейди «TST Textile Group» кластер раҳбари Абдуворис Йўлдошев. – Пахтачиликда толани қайта ишлашнинг ўзи 2,5 баробар ошиб, 100 фоизга етди, ип-калава ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳам бир неча баробар ошди, шунга мос равишда экспорт ҳажми ҳам ортиб бормоқда. Юз минглаб иш ўринлари яратилиб, Жаҳон бозорида маҳсулот етказиб бериш занжирининг барқарорлиги ва шаффофлигига эришилди.
Бугунги кунда кластерларда 3,4 миллион тоннадан ортиқ пахта хомашёси етиштирилмоқда. Бу мамлакатдаги жами пахта ҳосилининг 90 фоиздан ортиғини ташкил этади.
Ичкарида тамоман ўзини оқлаган тажриба энди ташқарида – Озарбайжонда ҳам ўз доирасини кенгайтиради.
Абдулазиз РУСТАМОВ,
ЎзА