Маҳалланинг жамият ҳаётидаги ўрнини ошириш ҳамда соҳада бошқарув тизимини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолияти йўлга қўйилди.

2024 йил 1 мартдан бошлаб “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” орқали ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва субсидиялар ажратишда бюрократиядан холи ва маҳалланинг ҳамжиҳатлигини акс эттирувчи янги тартиблар жорий этилди.

Хўш, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси томонидан жорий йилнинг ўтган даврида қандай чора-тадбирлар амалга оширилди?

АОКАда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида шу хусусда маълумотлар тақдим этилди.

Қайд этилишича, Уюшманинг ҳудудий бошқармалари ҳамда 208 та туман (шаҳар) бўлимларига раҳбарлар тайинланган. Январь-апрель ойларида 9  минг 452 та “маҳалла еттилиги”нинг малакасини ошириш, уларда бошқарув кўникмаларини шакллантириш мақсадида ўқув-семинарлар ташкил этилган.

Маҳалла раисларининг илғор тажрибаларини оммалаштириш, намунали маҳаллалар сонини кенгайтириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилдан бошлаб илк маротаба фуқаролар йиғинлари раислари орасида “Энг намунали маҳалла раиси” танлови ўтказилди. Танлов ғолиблари 22 март – Маҳалла тизими ходимлари куни арафасида эълон қилинди. Шунингдек, йил давомида ҳам “маҳалла еттилиги” фаолиятини самарали ташкил этишга қаратилган қатор танловларни ўтказиш режалаштирилган.

Республикада илк бор умумий ишсизлар, кам таъминланган оилалар, хорижга ишлаш учун кетган фуқаролар, ногиронлиги бор, боқувчисини йўқотган оилалар, “ижтимоий дафтарлар”да турувчи оилалар, пробация ва профилактик ҳисобда турувчилар, ажрим ёқасидаги оилаларнинг ягона комплекс “маҳалла баланси” шакллантирилди. Бугунги кунда барча маҳаллалар 25 та йўналиш, 401 та кўрсаткичдан иборат “маҳалла баланси”га эга.

Айни пайтда ҳудудларда 1 миллион 7 минг нафар ишсиз, 1,7 миллион нафар кам таъминланган оила мавжуд. Ногиронлиги бор шахслар 815 минг нафарни, боқувчисини йўқотган оилалар 199 мингтани, “Темир дафтар”даги оила 56 мингтани, “Аёллар дафтари”дагилар 1 миллион 36 минг нафарни, “Ёшлар дафтари”дагилар 110 минг нафарни,  пробация ҳисобида турувчилар 77 минг нафарни, профилактик ҳисобда турганлар 240 минг нафарни ташкил қилади. 40 мингта оила эса ажрим ёқасида.

Маҳаллаларнинг ижтимоий-иқтисодий масалаларини ҳал этиш мақсадида маҳалла, сектор, туман ва вилоят “Йўл харита”лари тасдиқланди. Айни пайтда “Маҳалла баланси” ягона электрон платформаси ишлаб чиқилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан маҳаллаларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига катта самара берувчи “маҳалла бюджети” шакллантирилди. Энди маҳаллаларнинг ўз бюджети бўлади ва уни ўзи тасарруф эта олади. Унга кўра, жорий йилда ер ва мол-мулк солиғи ҳисобидан 822,6 миллиард сўм солиқ тушуми ундирилиб, 9 минг 452 та маҳалла бюджетига 82,2 миллиард сўм даромад туширилди. Шаклланган маблағларнинг “маҳалла еттилиги” коллегиал қарори асосида манзилли сарфланиши бўйича Йўриқнома ишлаб чиқилди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА