Ўтган йиллар мобайнида биотиббиёт бутун дунё бўйлаб инвесторлар эътиборини жалб қила олди. Мутахассисларнинг сўзларига кўра, келгусида инсон ҳаётини ёки организмини яхшилашга ҳисса қўшадиган биотехнологиялар жадал ривожланадиган соҳалардан бири бўлиши мумкин.

Қайд этиш лозимки, сўнгги йилларда Ўзбекистонда биотиббиёт тадқиқотлари соҳасида молиялаштириш сезиларли даражада ошди. Бу эса илмий нашрлар, биотехнология ва тиббиёт соҳасидаги патентлар сонининг кўпайишига олиб келди. Ҳозирда дунё илмий ҳамжамияти касалликларни даволаш, ҳаёт сифатини яхшилаш ва унинг давомийлигини узайтириш бўйича ёндашувларни тубдан ўзгартириши мумкин бўлган янги кашфиётлар арафасида турибди. Турли давлат олимларининг бу йўналишдаги бирлашуви инсоният цивилизацияси ривожига салмоқли ҳисса қўшади.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида биотиббиёт ва инновацион тадқиқотлар соҳасида хитойлик мутахассислар билан ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган “Ўзбекистонда биотиббиёт ва инновацион тадқиқотларни ривожлантириш” симпозиуми бўлиб ўтди. Тадбир Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Халқаро илмий ташкилотлар алянси (ANSO), Хитой касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Иштирокчилар ушбу симпозиум Ўзбекистон ва Хитой давлатларининг энг муҳим илмий йўналишлар бўйича ривожланишига ҳисса қўшиб, билим ва тажриба алмашиш учун янги имкониятларни очиши ҳамда илмий тадқиқотларни илгари суриш ва замонавий дунё муаммоларини енгиш учун инновацион ечимларни ишлаб чиқишдек умумий мақсадга хизмат қилишини  таъкидлади.

Симпозиумда илм-фан ва таълим ривожига қўшган улкан ҳиссалари учун Хитой Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази раҳбари, профессор Жорж Гаога Ўзбекистон миллий университети фахрий докторлик унвони ва Халқаро илмий ташкилотлар алянси (ANSO) вакили Жингхуа Каога Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар марказининг фахрий профессори унвони берилди.

Бу унвонлар Ўзбекистон илмий жамоатчилигининг мазкур илм намояндаларига чуқур ҳурмат ва уларнинг соҳа ривожи учун хизматларининг эътирофи рамзидир.

 

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА