Индонезияликларга Ўзбекистон ҳақидаги кўрсатув намойиш этилди

Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Индонезиянинг машҳур телеканалларидан бири NetTV телеканали билан ҳамкорлик қилмоқда.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизматидан олинган маълумотларга кўра, Муслим Травелерс кўрсатуви ижодкорлари 2 қисмдан иборат дастурни индонезиялик томошабинлар учун суратга олиш ишларини олиб боришди. Муқаддас Рамазон ойида (22 май куни) биринчи қисм намойиш этилди. Унда Самарқанднинг сайёҳлар эътирофига сазовор ва бой исломий меросига эга масканлари ҳақида сўз борди. Ушбу телевизион лойиҳани Индонезиялик 1 миллион 80 мингдан ортиқ оилалар томоша қилишди. Бундан ташқари, Youtubeда NetTV каналига аъзо фойдаланувчилар сони – 1,7миллион кишини ташкил қилади.
Иккинчи қисм индонезияликлар учун Тошкент ва унинг Ислом дини учун аҳамиятли бўлган жойларига қилинган саёҳатга бағишланади. Уларда – Ҳасти Имом масжид, Мўйи Муборак музейи ҳақида ҳикоя қилинади. Бундан ташқари Чорсу бозори, Тошкент Метрополитени, Амир Темур хиёбони, ва яна бошқа объектлар тасвири ҳам индонезияликларга жуда манзур бўлган. Ушбу дастурлар саҳарлик ва ифторлик вақтларида эфирга узатишга мўлжалланган. Бу вақтда индонезияликлар оила даврасида вақт ўтказадилар.

 

ЎзА