Ҳеч кимга сир эмас, мамлакатимизда ўзбошимчалик билан қурилган уйлар кўп. Маълумотларга кўра, бугунги кунда ҳуқуқий ҳужжатлари йўқ ёки тўлиқ бўлмаган, ер участкасидан узоқ йиллар давомида фойдаланиб келаётган ёки ерга бўлган ҳуқуқларни расмийлаштириш масаласи ер эгасига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра охирига етмаган 3,8 миллиондан ортиқ 493 минг гектар ер участкалари мавжуд.

Афсуски, амалдаги қонунчиликда бу ерларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш учун ҳуқуқий асос ҳам, ваколатли орган ҳам белгиланмаган. Ҳозиргача ҳуқуқларни эътироф этиш масаласида жами 5 марта акция эълон қилинган. Уларда ҳаммаси бўлиб 1 миллион 338 мингта ўзбошимча қурилган уй ҳужжатлаштирилган.

Юртимизда ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга давлат томонидан бир марталик амнистия эълон қилинган эди. Ушбу акция натижасида ярим миллиондан ортиқ инсонга уй-жойлари қонуний расмийлаштириб берилди. Бу ярим миллион оила қонуний бошпаналик бўлди. Уй-жой борасида қанчалик мураккаб бўлмасин, давлат томонидан фуқаролар томон улкан қадам ташланганини ҳеч ким инкор қила олмайди.

Шу ўринда айтиш жоиз, айрим юртдошларимиз турли сабабларга кўра мазкур акцияда иштирок этолмаган. Бунинг натижасида яшаб турган уй-жойига эгалик ҳуқуқини ололмай сарсон.

Аслида тортишув, ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойларда бу қадар тушунмовчилик ва зиддиятлар келиб чиқиши сабаблари нимада?

Бунинг биринчи сабаби, фуқароларни арзон уй-жойлар билан таъминлаш бўйича узоқ йиллар етарлича ҳаракат қилинмади. Қишлоқ жойларида аҳоли учун ҳамёнбоп турар жой биноларини қуриш масаласи эътиборга олинмади. Буни аниқ рақамлар мисолида қарайдиган бўлсак, 2009 -2017 йиллар давомида 81 минг 992 та уй қурилди, 6 минг 624 та уй-жой массиви барпо этилди.  Ўзбекистон аҳолиси сони эса бу даврда 27 миллиондан 32 миллионга ошди. Табиийки, уй-жой қурилиши шиддати аҳоли ўсишидан анча ортда қолди.

Ўзбекистон Марказий Осиёнинг аҳоли энг зич яшайдиган ҳудуди ҳисобланади. Лекин аҳоли сони бўйича МДҲ давлатлари ўртасида Россиядан кейин 2-ўринда туради.

Содда қилиб айтганда, юртимизда ер ресурслари ниҳоятда чекланган. Аҳоли эса жуда тез суръатларда кўпаймоқда. Аҳоли сони ўсиши шиддати суғориладиган ер майдонлари ошишидан анча юқори. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкин, аҳоли яшаш учун уй-жой, бошпана қуриш мақсадида ўзбошимчалик билан уй-жой қуриб олмоқда.

Ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойлар ҳақида фикр билдиришда, ҳар бир ҳолат алоҳида ўрганишни талаб этишини унутмаслик лозим. Ўзбошимчалик билан қурилган уйларнинг катта қисми ҳудудларда юзага келмоқда. Қишлоқ шароитида иш ўринлари кам, ишлаб чиқариш жуда паст. Натижада одамларда ер сотиб олишга маблағ етмайди. Ноиложликдан қонунларни четлаб ўтиб, бошпана қуриб олмоқда. Шу уйларга ҳужжат тўғирлолмай сарсон-саргардон бўлаётир.

Яқинда “Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Қонунга асосан қуйидаги кўчмас мулкларга нисбатан ҳуқуқлар эътироф этилиши белгиланмоқда.

Хусусан, 2018 йил 1 май кунига қадар фуқаролар якка тартибдаги, уй-жой қурган ҳолда ўзбошимчалик билан эгаллаган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга нисбатан мулкий ҳуқуқлар эътироф этилиши белгиланмоқда.

Шунингдек, 2018 йил 1 май кунига қадар фуқаролар ва ташкилотлар томонидан ҳужжатда кўрсатилган майдондан ортиқча эгалланган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга кўчмас мулкларга нисбатан ҳуқуқлар эътироф этилиши белгиланмоқда.

“Бир марталик акция” доирасида ҳуқуқларни эътироф этиш охирига етмаган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга (126 мингдан ортиқ) кўчмас мулкларга нисбатан ҳуқуқлар эътироф этилиши белгиланмоқда. 2021 йил 8 июнга қадар туман (шаҳар) ҳокимлари қарори билан ажратилган, лекин вилоят ҳокими ёки халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланмаган ер участкаларига, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонуннинг 10-моддасига мувофиқ вилоят, туман, шаҳар ҳокимликларининг ер муносабатлари соҳасидаги қарорлари Халқ депутатлари тегишли Кенгаши томонидан тасдиқланиши назарда тутилган.

Боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудидаги турар жойлар ҳамда улар эгаллаган ер участкасига, кичик саноат зоналари ҳудудига 2020 йил 9 мартга (Низом қабул қилингунига) қадар жойлаштирилган тадбиркорларнинг ер участкасига (500 дан ортиқ), давлат ордери билан хусусийлаштирилган бинолар ва уйларга нисбатан ҳуқуқлар эътироф этилади.

Бунда, ижара муддати якка тартибдаги уй-жойлар эгаллаган ер участкалари учун тўқсон тўққиз йил, бошқа ер участкалари учун қирқ тўққиз йил этиб белгиланмоқда.

Фуқаро томонидан 2018 йил 1 май кунига қадар якка тартибдаги уй-жой қурган ҳолда ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасига қуйидаги асосларга кўра ижара ҳуқуқи эътироф этилади.

Агар ушбу ер участкаси бошқа жисмоний ва юридик шахсларга ажратилмаган ёки электрон онлайн-аукционга чиқарилмаган бўлса, агар ушбу ер участкасидан фойдаланишда жисмоний ва юридик шахслар ўртасида низо мавжуд бўлмаса, агар ушбу ер участкаси учун ер солиғи ҳамда унда қурилган бино ва иншоотлар учун мол-мулк солиғи бўйича қарздорлик мавжуд бўлмаса ижара ҳуқуқи эътироф этилади.

Эътиборлиси, ҳуқуқларни эътироф этишнинг асосий шартлари сифатида қуйидагилар белгиланмоқда. Хусусан, ер участкаси бошқа шахсга ажратилмагани ёки аукционга чиқарилмагани, ер участкасидан фойдаланишда низо мавжуд эмаслиги, ер ва мол-мулк солиғи бўйича қарздорлик мавжуд эмаслиги, муҳофаза зонасида, суғориладиган ерда жойлашмагани, ҳар бир категорияга хос бошқа шартлар (инвестиция мажбурияти бажарилганлиги, ширкат аъзоси ҳисобланиши ва бошқалар) белгиланмоқда.

Якка тартибдаги уй-жойлар эгаллаган ерларга ижара ҳуқуқи қуйидаги ҳажмгача эътироф этилади. 1998 йил 1 июлга қадар эгалланган бўлса – 0,24 гектаргача, 1998 йил 1 июлдан 2018 йил 1 май кунига қадар эгалланган бўлса – Тошкент, Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида 0,06 гектар, қолган ҳудудларда, 0,12 гектардан ошмаган ҳажмда эътироф этилади. Ушбу ҳажмдан ортиқча ерлар, агар низо бўлмаса, деҳқон хўжалиги ёки томорқа хўжалиги юритиш учун расмийлаштириб берилади.

Бир сўз билан айтганда, ушбу лойиҳа қабул қилинса, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларига нисбатан ижара ҳуқуқи ҳамда уларда қурилган уй-жой, бошқа бино ва иншоот ёки кўчмас мулк объектларига нисбатан мулк ҳуқуқи расмийлаштилиши учун ҳуқуқий асослар яратилар эди.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА