Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг мажлисида Ўзбекистон Республикасининг Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистондаги элчиларининг ҳисоботлари эшитилди. Мазкур эшитувлар Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифалар ижроси устидан парламент назоратини ўрнатиш мақсадида ташкил этилди.
Олий даражадаги ташрифлар якунлари бўйича қабул қилинган “Йўл хариталари”да назарда тутилган инвестиция лойиҳалари ва савдо битимларининг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш масалалари муҳокама марказида бўлди.
Таъкидланганидек, Қозоғистондаги элчихонанинг бевосита кўмагида умумий қиймати 1,6 миллиард долларлик 29 та инвестиция лойиҳаси ва савдо битимларини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди. Сенаторлар экспорт ҳажмини ошириш ва Қозоғистон билан савдода ижобий савдо балансига эришиш бўйича самарали чора-тадбирлар кўриш муҳимлигини қайд этди.
Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчихонаси фаолияти таҳлилида ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларнинг ҳар томонлама мустаҳкамлангани, икки мамлакат фуқароларининг давлат чегарасини миллий гувоҳномалари асосида кесиб ўтиш механизми жорий этилгани, иккита қўшимча ўтказиш пункти очилгани қайд этилди. Шу билан бирга, экспорт товарлар номенклатурасини диверсификация қилиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш тавсия этилди.
Мамлакатимизнинг Тожикистондаги элчихонаси фаол иштирокида 150 миллион долларга яқин инвестициявий битимлар тузилди ва 100 миллион долларга яқин ҳажмда экспорт шартномалари имзоланди. Шунингдек, сенаторлар элчихона бириктирилган Тошкент вилоятидаги инвестициявий таклифларни фаоллаштириш лозимлигини таъкидлади.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида Туркманистондаги элчихона томонидан 80 дан ортиқ ўзаро ташриф, 200 дан ортиқ тадбир ташкил этилди.
Очиқ ва холисона муҳокама давомида маҳаллий ҳокимликлар ҳамда корхоналар томонидан дипломатик ваколатхоналарнинг инвестиция лойиҳалари ва экспорт бўйича таклифларини кўриб чиқишда сусткашликка йўл қўйилаётгани ҳақида танқидий фикрлар билдирилди. Тармоқлар ва ҳудудлар инвестиция лойиҳаларининг техник-иқтисодий асосномаларини халқаро стандартлар талабларига тўлиқ мос ҳолда тайёрлаш зарурлиги таъкидланди.
Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари раҳбарларига ўз фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича батафсил тавсиялар берилди ва аниқ вазифалар белгиланди.
Мажлис якунлари бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА