Туризмни ривожлантириш бўйича тўққиз таклиф

Туризм бўйича мутахассис эмасман. Бу соҳада тажрибам йўқ ҳисоби. Аммо мен Ватанимни севаман. Самарқанд, Бухоро, Хива сингари дунёга машҳур шаҳарларимиз билан ғурурланаман. Ўзимни шу юртнинг бир бўлаги деб биламан. Хориждан, аниқроғи Туркиядан келган бир гуруҳ сайёҳларга ҳамроҳлик қилиш чоғида кўрганларим, эшитганларим ва англаганларим асосида қуйидаги таклифларни ўртага ташламоқчиман:
1. Сайёҳларнинг миллий ва диний мансублигини, анъаналарини, турмуш тарзини ҳисобга олишимиз, улар учун махсус ошхоналар ташкил қилишимиз зарур экан. Мамлакатимизга келаётган сайёҳлар орасида вегетарианлар кўпчиликни ташкил этади. Бизнинг миллий таомларимизнинг аксарияти гўштли ва ўта ёғли таомлардир.
2. Сифатли, енгил тамаддихоналарни кўпайтиришимиз керак экан. Туркияга саёҳат қилганимизда, ҳар қадамда фаст-фуд, жўхори, семит, каштан, кофе каби егулик ва ичимликлар сотилишига гувоҳ бўлган эдик. Туристлар гавжум бўлган жойларда шунга ўхшаган кичик тамадди шаҳобчаларини очиш мақсадга мувофиқдир.
3. Меҳмонхоналарнинг сервис даражасини «юлдузлар»ига мослаштириш керак. Туристлар меҳмонхона хизматидан фойдаланар экан, бу борада энг кичик деталларгача эътибор қаратади: иссиқ-совуқ сувнинг мунтазамлиги, хоналарга минерал сувларнинг қўйилиши, намоз ўқувчилар учун жойнамозлар, «қибла» стрелкалари қўйилгани ва ҳ.к.
Хорижлик сайёҳлар меҳмонхоналаримизнинг аксарида сервислар талаб даражасига жавоб бермаслигидан норози. Кўпинча бу меҳмонхоналарнинг белгиланган «юлдузи»га мос келмаслиги билан боғлиқ. Бу масалани комплекс кўриб чиқиш, текшириш, туристларнинг шикоятларини акс эттириш мумкин бўлган электрон давлат порталига ўхшаш хизматни йўлга қўйиш катта аҳамиятга эга.
4. Туристларни ранжитаётган яна бир жиҳат – қадимий обидаларнинг реставрация оқибатида ҳақиқий кўринишини деяли йўқотгани билан боғлиқ. Бутун дунёда бунинг тескари тенденциясини кузатамиз, яъни қадимий иншоотлар қайси даврга тегишли бўлса, уни топилган ёки мавжуд ҳолатида сақлаб қолишга аҳамият берилади.
5. Туристларни кутиш ва кузатиб қўйиш маданияти етарли даражада шаклланмаган. Кузатувлардан маълум бўлдики, тарихий объектларда бевосита фаолият олиб бораётган ходимлар ҳамда қўриқлаш хизмати вакилларининг чет тилини билмаслиги, туристларга хушмуомала муносабатда бўлмаслиги, юз-кўзида ясама бўлса ҳам табассум кўринмаслиги туризмга ҳалал берувчи жиддий омиллардан бири.
6. Зиёрат жойлари, меҳмонхоналар, дам олиш масканларидаги сервис хизматларини потенциал меҳмонлар дини, менталитети ва турмуш тарзига мослаштириш. Мазкур йўналишда илк қадамлар ташланди: жорий йилнинг май ойида «ҳалол туризм» хусусиятларига хос оилавий ҳордиқ чиқариш, ҳамёнбоп турар жойларда сифатли, озода овқатланиш шаҳобчаларида таомланиш, эркаклар ва аёллар учун алоҳида ҳовузлар, болалар учун ўйингоҳлар ташкил қилиш, «ҳалол» ёрлиқли озиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматларини жорий қилиш масалалари бўйича Туркиядан бир гуруҳ мутахассислар келишди.
Ўрни келганда айтиш керак, Бухоро шаҳрида жойлашган, ҳозирда ҳам фаолият юритаётган XVI асрга оид аёлларнинг Кунжак ҳаммоми ва бошқа сақланиб қолган иссиқхоналарни ҳам ушбу рўйхатга қўшиш ва уни қадимий мўъжаз иншоот сифатида реклама қилиш ўринли бўларди. Масалан, Туркиядаги «Хуррам султон» ҳаммоми худди шундай маконлардан бири. Яъни туристларнинг аксари мусулмон мамлакатлардан ташриф буюрадиган бўлса, Ўзбекистонда «ҳалол туризмни» юритиш учун тарихан асослар етарли.
7. Тарихий обидаларга олиб борувчи йўлларни созлаш лозим. Бухоро вилоятига саёҳат қилувчилар учун бир кунда «Етти пир» комплекс зиёратини амалга ошириш йўлга қўйилмоқда. Бу маънавий, ташкилий, иқтисодий жиҳатдан яхши ўйланган тадбир. Аммо «Етти пир» зиёратгоҳлари орасидаги йўл инфратузилмаси, зиёрат маскани атрофидаги бино ва йўлаклар, умуман, талабга жавоб бермайди. Бу, назаримда, тарихий бинолар улуғворлигига биринчи қадамдан соя солаётгандек.
8. Тарихий обидаларда ишлаётган гидларнинг аксари фақат ўзбек тилида сўзлашувчилардан иборат, бу ички туризм учун асқотар. Аммо хорижликлар учун таржимон ўз йўлига, шу меъморий обида тарихи, архитектураси ва бошқа масалалар бўйича маълумот бера олувчи чет тилини биладиган гидлар керак. Қўшимча равишда, ҳар бир обида учун ё бўлмаса, юқорида айтганимиз «Етти пир» зиёратгоҳлари, Хоразмдаги Хива комплексига кирувчи обидалар учун «аудио гид»лар ташкил қилиш керак. Мазкур аудиогидлар дунёнинг асосий бир неча тилларида туристлар учун обидалар ҳақида сўзлаб турса, кўринаётган мерос ортида яна қандай тарих борлигини кўрсатиб берган бўларди.
9. Зиёрат ўз одоби билан гўзал. Туристлар томонидан энг кўп «эътироф» этилган ҳожатхона ва таҳоратхоналарга тўхталиб ўтмоқчиман. Тошкентдан то Самарқанд, Бухорогача, ундан Хивагача автобус ёки йўл машиналарида борадиган туристлар учун йўл-йўлакай “WC”хоналар ва эркаклар ҳамда аёллар учун мўлжалланган алоҳида тоза, озода таҳоратхонлар ташкил қилиш мутасадди ташкилотлар учун кўп ҳам қийин бўлмаса керак.
Бу соҳа хўжакўрсинга эмас, чин маънода ривожлантирмоқчи бўлсак, юқоридаги ва бундан бошқа кўплаб муаммоларнинг жавобини излашимиз, уларга тезда ечим топишимиз зарур.
Дилноза Умарова, журналист 

 

ЎзА