“Дипломатик ракурс” лойиҳаcининг навбатдаги меҳмони Саудия Арабистони Подшоҳлигининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юсуф бин Солиҳ Ал-Гаҳра Ал-Утайбий.

– Жаноб элчи, Ўзбекистон Республикаси билан Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилганига 32 йил тўлди. Шу муносабат билан бир неча саволларга жавоб берсангиз. Дастлаб Ўзбекистон ҳақидаги таассуротингиз…

– Фаолият тақозосига кўра, Ўзбекистонга келишимдан аввал Миср Араб Республикасида ишладим. Дунёнинг бошқа кўп мамлакатларида бўлганман. Тўғриси, ўзбеклар каби меҳмондўст, кўнгли очиқ, хайрихоҳ миллатни кўрмадим. Нафақат расмий учрашувлар чоғида, балки одамлар орасида ҳам доим меҳр-оқибат кучли эканига гувоҳман. Юртингизга келганимга  икки йилдан ошди. Ҳар куни ўзимга бир янгилик кашф этаман. Ўзбекистоннинг   буюк инсонлари, қомусий билим соҳиблари, бутун мусулмон оламига донг таратган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Абул Муъин Насафий каби жаҳоншумул илмий-ижодий кашфиёти билан умумбашарият тараққиёти ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ мутафаккирлар меросини чуқурроқ ўрганяпман. Шунингдек, умуммиллий ҳаракатга айланиб бораётган эзгу амал – “Янги Ўзбекистон” ни барпо этиш ва “Учинчи Ренессанс” ни яратишдек стратегик вазифалар миллий ғоя даражасига кўтарилганини олқишлайман.

Ўзбекистон – Саудия Арабистони муносабати сўнгги йилларда ижобий суръат касб этиб, бой амалий мазмунга эга бўлмоқда. Ўзаро алоқа ва алмашинув изчил давом эттирилиши натижасида ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Энг муҳими, ҳар икки томон турли соҳаларда ўзаро манфаатли конструктив шерикликни давом эттиришга тайёр.

– Ўзбекистон ва Саудия алоқалари кейинги йилларда анча фаоллашди. Умуман, мамлакатимизнинг Кўрфаз араб давлатлари билан ҳамкорлигида Подшоҳлик қандай ўрин тутади ва аксинча, Саудиянинг хорижий ҳамкорлари орасида Ўзбекистоннинг ўрни қандай ва бу қиёс нималарга асосланади?

– Саудия Арабистони Подшоҳлиги 1991 йил 30 декабрь санасида биринчилар қатори расман Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини эътироф этган. 1992 йил февраль ойида марҳум шаҳзода – ташқи ишлар вазири Сауд Ал-Файсалнинг Тошкентга ташрифи чоғида ўзаро дипломатик алоқа ўрнатиш тўғрисида Англашув меморандуми имзоланган. Шу йилнинг ноябрь ойида Жидда шаҳрида Ўзбекистон консулхонаси, 1995 йил майда пойтахт Ар-Риёдда элчихона очилди. 1997 йил мартда Тошкентда Подшоҳлик элчихонаси фаолият бошлади.

Қардош мамлакатларимиз ўртасидаги бугунги алоқа иккала давлат раҳбарларининг ўзаро яқин муносабатни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашга интилишини яққол акс эттиради. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил августдаги Саудия Арабистонига амалга оширган давлат ташрифини алоҳида айтиб ўтишим керак. Улкан тарихий аҳамиятга эга бўлган ўша ташриф доирасида Шавкат Мирзиёев ва Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд ўртасида музокара бўлиб ўтди. Турли даражадаги алоқа анча фаоллашгани мамнуният билан таъкидланди. Шундан буён Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари мунтазам ўтказилмоқда. Ўзаро товар айирбошлаш миқдори ортмоқда, қўшма корхоналар ташкил этиляпти. Шу билан бирга мамлакатларимиз, энг аввало, савдо-иқтисодий ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш учун улкан салоҳиятга эга. Олий даражадаги музокаралар қараш ва интилишлар муштараклигини намоён этмоқда.

– Маълумки, давлатларимиз иқтисодиётини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган кўплаб икки томонлама ташаббуслар амалга оширилмоқда. Шулар орасида стратегик аҳамиятга эга лойиҳалар сифатида қайсиларини эътироф этиш мумкин?

– Саудиянинг “Нигоҳ – 2030” Давлат дастури ҳамда “Ўзбекистон – 2030” тараққиёт стратегияси ўртасида умумийлик кўп. Қатор жиҳатлар юзасидан қарашимиз, ёндашувимиз ўхшаш. Давлатларимиз халқаро доирада бир-бирини доим қўллаб-қувватлаб келмоқда. Энергетика ва нефт-кимё соҳаларидаги шерикликни кенгайтиришдан икки томон ҳам манфаатдор. “ACWA Power” компанияси билан жами 2 миллиард 600 миллион долларлик йирик лойиҳалар йўлга қўйилган. Кимё тармоғида “SABIC” компанияси билан шериклик истиқболли. Саудия тараққиёт жамғармаси иштирокида Ўзбекистон ҳудудларида транспорт, сув таъминоти, электр тармоғини ривожлантириш бўйича инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш масаласи кўриб чиқилган. Ўзбекистон – Саудия Ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши муваффақиятли ўтказилиб, якунда энергетика, кимё, электротехника, инфратузилмани ривожлантириш, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, ахборот технологиялари ва транспорт соҳаларида умумий қиймати 14 миллиард доллардан ошадиган келишув, шартномалар имзоланди. Маданий-гуманитар алоқани мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси билан Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасида кенг қамровли шериклик муносабатини янада кенгайтириш тўғрисида Қўшма баёнот қабул қилинган. Икки мамлакат ҳукуматлари ва вазирликлари ўртасида энергетика, божхона, фуқаро авиацияси, туризм, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, меҳнат муносабатлари каби йўналишларда ҳамкорликка доир 15 ҳужжат қабул қилинган.

– Ўзбекистон ва Саудия Арабистонининг таълим соҳасидаги ҳамкорлиги доирасида эндиликда абитуриент ёшларимиз араб тилини ўрганиш мақсадида Подшоҳликдаги исталган олийгоҳга онлайн ҳужжат топширмоқда. Уларга қандай маслаҳат берган бўлардингиз?

– Бугунги кунда ўзбекистонлик ўн мингдан зиёд талаба Бирлашган Миллатлар Ташкилоти расмий тилларидан бири ҳисобланган араб тилини ўрганмоқда. Айни йўналишда қатор ишлар амалга оширилган. Тошкент давлат шарқшунослик университети ва Подшоҳ Сауд университети ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланган. Умуман, икки мамлакат турли олий ўқув юртлари амалий шериклиги тобора кенгаймоқда. 2023 йил июнь ойида Умм Ул-Қуръа университети раҳбарлари  Ўзбекистондаги олийгоҳлар, хусусан ТДШУ ҳамда Самарқанд давлат университетига ташриф буюриб, ҳамкорликни йўлга қўйди. Шунингдек, Подшоҳ Салмон номидаги араб тилини ўқитиш академияси дастури амалга оширилмоқда. Бугунги кунда бакалавр босқичида ўқишни истаган киши “Саудия Арабистонида таҳсил ол” платформасига кириши ва таълим олиш учун хоҳлаган йўналишини танлаши мумкин. Бошқа қатор жабҳаларда ҳам сезиларли умумий ютуқларга эришилмоқда.

– Маълумки, Ўзбекистоннинг етакчи Миллий ахборот агентлиги – ЎзА ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги давлат ахборот агентлиги – SPA ўртасида ҳамкорлик ўрнатилиб, тегишли меморандум имзоланган. Ахборот алмашиш ва бошқа йўналишларни қамраб олган шерикликни янада ривожлантириш  бўйича таклифларингиз?

– Кузатишларим туфайли шуни таъкидламоқчиманки, SPA ҳамда ЎзА саҳифаларида ҳар икки давлатда иқтисодий, сармоявий, ижтимоий режа ва дастурлар амалга оширилиши, мамлакатларимизнинг халқаро миқёсдаги сиёсий ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган материаллар мунтазам ёритмоқда. Хусусан, 2023 йил 19 июль куни Жидда шаҳрида Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши доирасида Марказий Осиё мамлакатлари билан стратегик мулоқотнинг биринчи саммити, транспорт-коммуникация, озиқ-овқат, энергетика ва сув хавфсизлигини кафолатлаш, “яшил”, тикланувчи энергетика манбалари ва технологияларини ривожлантиришда ҳамкорлик қилиш, савдо алоқалари учун шароит яратиш, инвестиция имкониятини қўллаб-қувватлаш, савдо айирбошлаш миқдорини ошириш масалалари батафсил баён этилди.

ОАВ оммани янгиликлар билан доимий равишда таништириб боради. Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган Саудия Арабистони – Ўзбекистон қўшма қўмитаси олтинчи мажлиси тафсилоти, Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши ва Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг 2025 йил Самарқандда ўтадиган иккинчи саммитига тайёргарлик жараёни, шунингдек икки давлат  хусусий секторлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар ва бошқа кўплаб мавзуларни тезкор, шаффоф ва таҳлилий тарзда ўқувчиларимизга етказиш доимий эътибор марказида. Шахсан, мен ахборот маконида миллий контент мустаҳкамланиши ва мунтазам ривожланиши тарафдориман. Қалам аҳлига эса бу залворли ва масъулиятли йўлда муваффақият тилайман.

Суҳбатимиз сўнгида Саудия Арабистони Ўзбекистонда умумий қиймати қарийб 31 миллиард долларлик 50 та инвестиция ташаббусини илгари сургани, ушбу лойиҳалар “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мақсадлари доирасида назарда тутилган 110 миллиард долларлик хорижий инвестиция жорий этилишини таъминлашга қаратилганини таъкидламоқчиман. Энергетика, қайта тикланадиган энергия, соғлиқни сақлаш, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги, инсон ресурсини ривожлантириш соҳаларида қўшма лойиҳалар йўлга қўйиш, бунинг учун зарур сармоя киритиш бўйича ютуқларга эришилмоқда. Ўзаро алоқалар ривожида Саудия тараққиёт жамғармаси муҳим ўрин эгаллайди. Жамғарма Ўзбекистонга тақдим этган имтиёзли кредит 300 миллион доллардан ошди. Тоза ва тикланадиган энергетика соҳасида фаолият кўрсатадиган “АCWA Power” ширкати сармоясини 15 миллиард долларга етказиш кўзда тутилган.

Подшоҳ Салмон номидаги ёрдам ва инсонпарварлик маркази Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан ҳамкорликда турли йўналишларда ташаббус ва дастурлар тақдим этмоқда. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Саудия Арабистони капитали иштирокида қирққа яқин корхона фаолият кўрсатмоқда. “ACWA Power”, “Al-Habib Medical Group” ва бошқа етакчи компаниялар билан лойиҳалар муваффақиятли ҳаётга татбиқ этилган. Инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш учун фойдаланилмаган имкониятларни ҳисобга олган ҳолда, томонлар кимё, металлургия, тоғ-кон ва тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Ушбу лойиҳаларда иштирок этиш учун ишбилармон доиралар вакилларини жалб қилиш юзасидан бирга ишлашга келишиб олинган. Савдо, иқтисодиёт, фан ва технология, маданият, спорт ва ёшлар соҳасида келишувни назорат қилиш бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 6-йиғилиши, Ўзбекистон – Саудия Арабистони Ишбилармонлар кенгаши 5-мажлисида эришилган келишувлар ижроси ҳам кўриб чиқилди. Келишилган лойиҳа ва ташаббусларни янада фаол илгари суриш устида иш олиб борилмоқда.

Муҳаррама Пирматова,

Дониёр Якубов (сурат), ЎзА