Бугун, 14 февраль куни футбол бўйича Осиё чемпионлар лигасининг нимчорак финал учрашувлари бошланади. Аҳамиятлиси шундаки, бугунги баҳсларнинг бири Қарши шаҳрида ўтказилади. Унда “Насаф” жамоаси БААнинг “Ал-Айн” клубига қарши майдонга тушади. Ушбу учрашув маҳаллий вақт билан соат 19:00 да “Марказий” стадионда бўлиб ўтади.
Учрашувни Адҳам Муҳаммад Тумаҳ Маҳадмеҳ (Иордания) бош ҳакам сифатида бошқаради. Унга ҳамюртлари Муҳаммад Мустафо Ҳассан Ал Калаф ва Аҳмад Моаннес Нади Алроалле ёрдам берса, Моҳанад Қосим Эесее Саррай (Ироқ) захира ҳакам дея белгиланди. ВАР бўйича Абдулла Али Ал Марри (Қатар), АВАРда эса Муҳаммад Аҳмад Муҳаммад (Қатар) фаолият кўрсатади. Ўйин назоратчиси сифатида Квон Жонг Чул (Корея Республикаси), комиссар эса Али Жебрил (Фаластин) ишлайди.
Афсуски, “Насаф”нинг 6 нафар футболчиси: Шерзод Насруллаев, Зафармурод Абдураҳматов, Алибек Давронов, Зоран Марушич, Умид Эргашев ва Ислом Кенжабоев турли сабабларга кўра бу учрашувни ўтказиб юборади.
Энди эса, куни кеча Европа чемпионлар лигасида қайд этилган натижалар билан таништириб ўтамиз. Европа Чемпионлар лигаси нимчорак финалидан ўрин олган “Лейпциг” – “Реал” баҳси 0:1 ҳисобида якунланди. Ўйиндаги ягона голга Браим Диас 48-дақиқада муаллифлик қилди.
Шунингдек, мазкур мусобақанинг иккинчи учрашувида “Копенгаген” ва “Манчестер Сити” клублари ўртасида шиддатли баҳс бўлиб ўтди. Унда “Манчестер Сити” 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Манчестер клуби сафида Де Брюйне, Бернарду ҳамда Фоден рақиб дарвозасини ишғол қилган бўлса, рақиб жамоадан Магнус Маттссон гол урди.
Энди ушбу жамоалар 7 март куни жавоб ўйинида ўзаро куч синашади.
14 февралдан 15 февралга ўтар кечаси Европа чемпионлар лигасининг 1/8 финал босқичи доирасида “ПСЖ” – “Реал Соседад” , “Лацио” – “Бавария” клублари баҳсига гувоҳ бўламиз.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА