Қорақалпоғистон Республикаси Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси Матбуот хизматининг хабар қилишича, Федерация томонидан олиб борилган тадбирлар натижасида фуқаро А.Мирзаназаровнинг бозордан сотиб олган экрани носоз чиққанлиги сабабли  пули харидорнинг ўзига қайтарилган. Шунингдек, Тўрткўл туманида яшовчи фуқаро Э.Уракбаев ҳам «емаган сомсасига пул тўлаш»дан қутилган.

Батафсилироқ:

Жорий йилнинг 13-июнъ куни Алпысбаев кўчаси рақамсиз уйда яшовчи А.Мирзаназаров Чимбой тумани Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ёзма ариза билан мурожат қилди. Мурожаатда кўрсатилишича, А.Мирзаназаров  деҳқон бозорида якка тадбиркор «Т.А»га 5800 (беш минг саккиз юз) сўм нақд пул тўлаб, телефонига экран қўйдирган. Аммо, янги қўйилган экран ишламай қолган. Уста ҳар хил баҳоналарни айтиб истеъмолчининг гапларини тингламаган. Мазкур иш бўйича ўрганиш ишлари олиб борилганда, якка тадбиркорнинг 5800  сўм чек бермагани, ҳаттоки терминал ва касса аппарати билан таъминланмасдан савдо тартибини бузаётгани аниқланди ҳамда қатъий огоҳлантирилди. Истеъмолчи А.Мирзаназаровга тегишли суммаси қайтариб берилиб, мурожаати қаноатлантирилди.

***

Тўрткўл туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига Тўрткўл туман О.Худойшукуров кўчаси 25-хонадонда истиқомат қилувчи  Уракбаев Эрмахан мурожаат қилди. Унга кўра Тўрткўл туман Уллибоғ ОФЙ посёлкаси Уллибоғ 2/37 уйда яшовчи Уракбаев Эрмаханнинг ўғли Уракбаев Улуғбекнинг 2013 йилда қуриб битказилган янги наъмунали уйига 2016 йил кўчиб ўтган. Мазкур хонадонга ичимлик суви ўтмаган бўлишига қарамасдан Тўрткўл туман сув тармоқлари корхонаси томонидан 650196 сўм миқдордаги ичимлик суви учун қарздорлик белгиланган.

Жамият томонидан мазкур мурожаат қонуний тартибда ўрганилди ва натижада истеъмолчи хонадонга туман сув тармоқлари томонидан қўйилган асоссиз қарздорлик олиб ташланди. Мурожаат истеъмолчи фойдасига ҳал этилди.

 

Қорақалпоғистон Ахборот агентлиги