Уч йил аввал онкологик беморларни кимё ва таргет терапияси учун 29 турдаги препарат билан таъминлаш йўлга қўйилган эди.

Лекин, бу дорилар айрим ҳолларда жойларга ўз вақтида, тўлиқ етказиб берилмаётгани кўрсатиб ўтилди. Ваҳоланки, бюджетдан етарли маблағ ажратилмоқда.

Оқибатда баъзи беморлар уларни дорихонадан 10 баробар қиммат сотиб олишга мажбур.

–Мана – фармацевтикадаги ўйинлар! Бу фақат онкологияда. Эндокринология, кардиология, шошилинч хизматда ҳам бундай фактлар етарли, – деди давлатимиз раҳбари.

Бош прокуратурага онкологик препарат ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар, дорихоналар, қўлда сотувчиларни, умуман барча иштирокчиларни тартибга келтириш, жойларга етиб бормаган 17 турдаги препарат бўйича ўрганиш ўтказиб, жазо муқаррарлигини таъминлаш топширилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги олдига ойлаб омборларда турган, рухсати ҳалигача чиқмаган дориларни хатлов қилиб, бу масалада тартиб ўрнатиш, давлат харидлари орқали олинган дориларни “буюртмачи – харидор – етказиб берувчи – бемор” занжири асосида шаффоф маршрут тизимини яратиш вазифаси қўйилди.

ЎзА