Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқи бўйича экспертлари Ғазо урушида ҳалок бўлаётган журналистлар сони ортиб бораётганидан хавотир билдиришди ва Исроилнинг танқидий хабарларни “қасддан” ўчиришга қаратилган стратегиясини қоралади. Бу ҳақда “The Peninsula” нашри ёзди.
– Журналистлар Ғазода ўз ишини бажаргани учун шундай оғир тақдирга дуч келишмоқда, – дейилади мутахассислар баёнотида. – БМТ ҳисоботига кўра, Ғазо секторида уруш бошлангандан бери камида 122 журналист ва оммавий ахборот воситалари ходими ҳалок бўлган, кўпчилик ҳамкасбларимиз жароҳатланган. Охирги ойларда Ғазо ҳудудида ўлдирилган, ҳужумга учраган, яраланган ва ҳибсга олинган журналистлар тақдиридан хавотирдамиз.
БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши томонидан тайинланган мустақил экспертлар фикрича, журналистлар “Press” белгиси туширилган кийимда фаолият олиб борганига қарамай, ташвишли хабарлар камаймаяпти.
– Номаъқул ҳаракатлар – Исроил ҳарбий кучларининг оммавий ахборот воситалари вакиллари фаолиятига тўсқинлик қилиши, танқидий хабарларни ўчиртириши атай тайёрланган стратегия эканини кўрсатмоқда, – таъкидланган баёнотда. – Журналистларнинг Ғазога киришига чеклов, интернет алоқаси узилиши билан боғлиқ сабаблар маҳаллий аҳоли ва ташқи дунёнинг ахборот олиш ҳуқуқига тўсиқ қўймоқда.
Экспертлар халқаро судларни ушбу хавфли хуружлар, журналистларга қарши жиноятлар жазосиз қолмаслигига алоҳида эътибор беришга чақирди.
Байден Ғарбий Соҳилдаги яҳудий кўчманчиларга санкция киритди
AҚШ Президенти Жо Байден Ғарбий Соҳилда фаластинликларга ҳужум қилишда айбланган тўрт нафар исроиллик кўчманчига қарши санкцияни маъқуллади.
Уларнинг AҚШдаги бор мулки, активларига тегишли мазкур санкция “айбдорлар”нинг Aмерика молия тизимига киришини ҳам тақиқлайди.
ХАМАС 2023 йил 7 октябрь куни Исроилга мисли кўрилмаган даражада ҳужум уюштирганидан сўнг Ғарбий Соҳилда зўравонлик авж олди.
БМТ маълумотига кўра, ўшандан бери Ғарбий Соҳилда 370 га яқин фаластинлик ҳалок бўлган. Уларнинг аксарияти Исроил ҳарбий кучлари, камида саккиз нафари эса исроиллик кўчманчилар томонидан ўлдирилган.
AҚШ ҳукумати фаластинликлар мулкига дахл қилган ҳар қандай хорижий фуқарони жазолаш ҳуқуқига эгалигини таъкидламоқда.
Ушбу санкция AҚШ маъмурияти томонидан исроилликлар нишонга олинган камдан-кам ҳолатдир. Бу қарор Байденнинг Исроилни қўллаб-қувватлаётганини танқид қилган, араб-америкалик аҳолиси кўп Мичиган штатига сафари чоғида қабул қилинди.
Кэмерон: Буюк Британия Исроил билан келишувдан олдин
Фаластин давлатини тан олиши мумкин
Буюк Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон таъкидлашича, Буюк Британия Ғазода ўт очиш тўхтагандан сўнг, Исроил ва Фаластин ўртасидаги кўп йиллик музокара натижасини кутмасдан, Фаластин давлатини расман тан олиши мумкин. У пайшанба куни Ливанга ташрифи чоғида минтақавий тарангликни бостириш ниятида гапираркан, ХAМAС Ғазода қолса, тан олинмаслигини ҳам айтиб ўтди.
– Биз қилишимиз керак бўлган иш Фаластин халқига тинчлик ва уларнинг келажагига умид беришдир, – деди у. – Бу жараён минтақанинг узоқ муддатли тинчлиги ва хавфсизлиги учун жуда муҳим. Шунингдек, Буюк Британия Фаластин давлатини тан олиш масаласини ҳам кўриб чиқади.
Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняху мустақил Фаластин давлати ташкил этилишини қайта-қайта рад этиб келади ва ҳатто, сўнгги ҳафталарда Фаластин давлатчилиги тикланишининг олдини олишда муҳим ўрин эгаллагани билан мақтанган.
Кэмерон фикрича, Ғазодаги жангда “тин олиш” биринчи қадам бўлиши керак, бу охир-оқибат мунтазам ўт очишни тўхтатишга айланади.
ХАМАС шу пайтгача ўт очишни тўхтатиш келишуви доирасида анклавни тарк этмаслик қарорида қолмоқда.
Қўшимча қилинишича, Буюк Британия Ливан-Исроил чегарасидаги кескинликни юмшатиш режасини таклиф қилмоқда. Сўнгги пайт бу ҳудудда Ливаннинг Ҳизбуллоҳ жангари гуруҳи ва Исроил кучлари ўртасида отишма тез-тез кузатиляпти. Бу ҳолат уруш кенгайиб кетиш хавфини уйғотмоқда.
Ўткир Мирзо тайёрлади.
ЎзA