Якшанба куни АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги Иордания шимоли-шарқида ҳарбий базага ўзи учар қурилма орқали уюштирилган ҳужум оқибатида уч нафар америкалик аскар ҳалок бўлгани, 25 киши жароҳат олгани ҳақида маълум қилди.
Ушбу воқеа ортидан Оқ уй Эронга қарши махфий амалиёт ўтказиш имкониятини кўриб чиқмоқда, деб ёзди “Блумберг” агентлиги.
– АҚШ томонидан Эронга зарба беришни назарда тутувчи махфий амалиёт мавжуд имкониятлардан бири сифатида баҳоланяпти, – дейилади хабарда. – Бу жараёнда Америка томони жавобгарликни зиммасига олмайди, аммо шу йўл билан аниқ ишора йўллайди.
Таъкидланишича, АҚШ эронлик юқори лавозимли шахсларга тўғридан-тўғри ҳужум уюштириш билан жавоб қайтариш вариантини ҳам кўриб чиқяпти. Масалан, собиқ Президенти Дональд Трамп буйруғи билан 2020 йил Бағдодда худди шундай йўл тутилиб, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси генерали Қосим Сулаймоний ўлдирилган эди.
Агентлик уқтиришича, Жо Байденнинг Америка базасига уюштирилган ҳужумга жавоби унинг президентлик чоғидаги эҳтимолий оқибатига кўра, энг муҳим қарорларидан бирига айланиши мумкин. Байден бу билан бир томондан ҳужум ижрочиларини жазолашга интилиши, бошқа томондан АҚШни Эрон билан тўғридан-тўғри можарога жалб қилиши мумкин. Қолаверса, кескинлик шу зайл кучайиб бориши АҚШнинг Исроил билан ХАМАС ҳаракати ярашувига эришиш йўлида олиб бораётган саъй-ҳаракатини барбод қилиши мумкин.
Қўшимча қилинишича, Байден келгуси қадами қандай иқтисодий оқибатга олиб келиши мумкинлигини ҳам назардан қочирмаслиги керак. Сир эмас, Қизил денгизда АҚШ билан, гўё, Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган ҳусийлар ўртасида кечаётган можаро, шундоғам, глобал денгиз қатновига сезиларли зиён келтирмоқда.
Барибир, АҚШ Яқин Шарқдаги ҳарбий хизматчиларига уюштирилган ҳужумни жавобсиз қолдирмаслиги таъкидланмоқда. Бунга албатта жавоб берилади, дея баёнот берди Пентагон раҳбари Ллойд Остин.
– Америка ҳарбий хизматчиларига нисбатан давом эттирилаётган хуруж учун Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган кучлар жавобгар, – деди у. – Биз АҚШни ҳамда кучларимизни ҳимоя қилиш учун зарур чорани тегишли вақтда ва тегишли тарзда кўрамиз.
Байден воқеа учун Сурия ва Ироқда Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган гуруҳлар жавобгарлигини айтиб, “Вашингтон террорга қарши кураш бўйича мажбуриятини бажаришда давом этади”, дея баёнот берди. АҚШ раҳбари таъкидлашича, айбдорлар албатта жавобгарликка тортилади.
Таъкидлаш жоиз, Фаластин – Исроил масаласи кескинлашгач, АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий базалари ҳамда Суриядаги қўшини мунтазам равишда ҳужумга учрамоқда. Ҳодисалар учун масъулиятни Ироқда фаолият кўрсатаётган Шиа қуролли гуруҳлари ўз зиммасига олмоқда. Бундан ташқари, ушбу давлатлар ҳукуматлари ва сиёсий кучлар хорижий қўшин давлат ҳудудини тарк этиши кераклигини таъкидлаб келади. Акс ҳолда Яқин Шарқ минтақасида вазият кескинлашиб бораверади, барқарорлик, хавфсизлик масаласи боши берк кўчага кириб қолиши шубҳасиз, дейди улар.
Фаластиндаги ХАМАС ҳаракати билан Исроил ўртасида бошланган можаро, кейин Қизил денгизда хусийларнинг савдо кемаларига уюштираётган ҳужумлари ортидан АҚШ ва Буюк Британия раҳбарлигидаги коалиция Яманнинг хусийлар назорати остидаги ҳудудларига ракета зарбаси бериши, бунга жавобан АҚШнинг Яқин шарқдаги базалари доимий равишда ҳужумга учраши минтақада вазиятни яхшилашга эмас, балки издан чиқаришга хизмат қилади. АҚШ ва Эроннинг бу галги қарама-қаршилиги анчайин хавотирли бўлиб, Форс кўрфазида ҳам Қизил денгиздагига ўхшаш кескинлик юзага келиши мумкин, дейди кузатувчилар.
С.Раҳимов, ЎзА