Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, ўтган йилнинг январь-октябрь ойлари орасида Европа минтақасидаги 53 мамлакатнинг 40 тасида жами 30 мингга яқин қизамиқ касаллиги қайд этилган. Бу 2022 йилга нисбатан 30 баробар кўп.

“AзерТAЖ” хабарида эпидемия сабаб 21 минг киши касалхонага ётқизилгани, беш киши вафот этгани айтилган.

“Ҳолат ташвишли, эмлаш болаларни ушбу хавфли касалликдан ҳимоя қилишнинг ягона йўли”, – деди ЖССТ Европа бюроси раҳбари Ханс Анри.

Қизамиқ кескин кўпайган Буюк Британия ва бошқа мамлакатларда, асосан, 10 ёшгача бўлган болалар хасталанган.

Миллий соғлиқни сақлаш хизмати маълумот беришича, 16 ёшгача бўлган 3,4 миллиондан ортиқ британиялик бола ўта юқумли касалликдан ҳимояланмаган. Шу боис ташкилот кўпроқ ота-оналарни фарзандларини эмлашга ундаш мақсадида махсус кампания бошлашга қарор қилди.

2019 ва 2022 йиллар оралиғида Европада эмлаш қамрови ўртача 96 фоиздан 93 фоизга тушди. Бунинг сабабларидан бири асосий эътибор пандемияга қарши кўрилаётган чора-тадбирларга қаратилганидир.