Давлатимиз раҳбари раислигида 2023 йил 29 ноябрь куни сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва йўқотишларни камайтириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида 2024 йил “каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил”, деб эълон қилинди.

Мазкур йиғилишда сув хўжалигидаги энг долзарб муаммоли масала сифатида каналларда ортиқча сувнинг йўқотилишига алоҳида эътибор қаратилиб, ариқ ва каналларни бетонлаштириш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.

Бу борадаги вазифаларни амалга ошириш мақсадида 2024 йилда Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги ташкилотлар ҳисобидаги 1 минг 500 километр, яъни, 2023 йилга нисбатан 4 баробар кўп магистрал ва хўжаликлараро каналларни ҳамда 2025 йилда камида 2 минг километр каналларни бетонлашни белгилаб олинди.

Сув хўжалиги масъуллари иштирокида ўтказилган брифингда каналларни бетонлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама этилди.

Тадбирда таъкидланганидек, белгиланган тадбирларни амалга ошириш учун ҳукуматнинг тегишли қарори қабул қилиниб, тизимдаги ташкилотлар ҳисобидаги бетонлаш ишлари амалга ошириладиган каналларнинг манзилли рўйхати тасдиқланган. Мазкур қарор билан Сув хўжалиги вазирлигида “фавқулодда ишлаш тизими”ни ташкил қилиш бўйича доимий фаолият кўрсатадиган республика ва ҳудудий штаблар ташкил этилди. Магистрал ва хўжаликлараро каналларни бетонлаш ишлари вазирлик тизимидаги “Сувқурилишинвест” давлат муассасалари буюртмачилигида объектларнинг тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилмоқда.

Каналларда бажариладиган қазиш ва бетон ишлари лойиҳа-қидирув ишлари натижалари бўйича танланган лойиҳавий ечимларга асосланган ҳолда амалга оширилмоқда.

Лойиҳалаштирилган объектлар бўйича атроф-муҳитга таъсир кўрсатилиши ҳамда экологик оқибатлар тўғрисидаги баёнот лойиҳаси ишлаб чиқилгандан сўнг Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги органларининг давлат экологик экспертиза хулосаси олинади.

Шунингдек, ҳар бир объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги “Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси” ДУК, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги “Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” ДУКнинг ижобий экспертиза хулосаси олинганидан сўнг бош пудратчи ташкилотни аниқлаш учун “Шаффоф қурилиш” электрон платформаси орқали тендер савдоларига эълон жойлаштирилади.

Брифингда шунингдек, ижтимоий тармоқларда муҳокамага сабаб бўлган сувни тежаш мақсадида бетонланиши буюрилган ариқларни масъуллар дарахтлари билан бирга бетонлаб юбораётгани мазмунидаги мақолага алоҳида эътибор қаратилди.

Мазкур мақолада кўрсатиб ўтилган ҳолатларга айрим жойлар, хусусан, кластер ва фермер хўжаликлари ички ариқ ва суғориш тармоқларида йўл қўйилган бўлиб, келгусида бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун жойларда вазирлик томонидан маҳаллий ҳокимият органлари билан ҳамкорликда амалий семинарлар ташкил этилиши ва бетонлаш ишларини бажараётган ҳашарчиларга зарурий тавсия ва кўрсатмалар бериб борилиши билдирилди.

Брифингда мутасадди ташкилот раҳбарлари иштирок этиб, тизимда амалга оширилаётган ишлар бўйича батафсил маълумот берди.

 

Камола ЮСУПОВА.

Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА