Бугун, 28 декабрь куни Малайзия пойтахти Куала-Лумпурда Осиё чемпионлар лигасининг нимчорак финалига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди.

Қуръа натижаларига кўра, «Насаф» «Ал Айн» билан, «Навбаҳор» эса «Ал Иттиҳод» билан нимчорак финалда куч синашадиган бўлди.

Нимчорак финал жуфтликлари (ғарб):

«Насаф» – «Ал Айн» (БАА);

«Ал Файҳа» (Саудия Арабистони) – «Ал Насср» (Саудия Арабистони);

«Сепахон» (Эрон) – «Ал Ҳилол» (Саудия Арабистони);

«Навбаҳор» – «Ал Иттиҳод» (Саудия Арабистони).

Нимчорак финал ўйинлари 2024 йилнинг 12-13 феврал ва 19-20 феврал кунлари, чорак финал баҳслари 4-5 март ва 11-12 март кунлари, ярим финал 16, 23 апрель кунлари, финал учрашуви май ойида ўтказилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, Осиё чемпионлар лигаси ғарб ва шарқ минтақасига бўлинган ҳолда ташкил этилмоқда. Ҳозирда ҳар икки минтақанинг 8 тадан футбол клублари нимчорак баҳсларида иштирок этмоқда.

Шарқ минтақасидан жой олган футбол клублари орасида Жанубий Кореянинг “Jeonbuk Hyundai Motors”,  “Pohang Steelers”, “Ulsan Hyundai”, Япониянинг “Ventforet Kofu”, “Kawasaki Frontale”, “Yokohama F. Marinos”, Таиланднинг “Bangkok United”, Хитойнинг “Shandong Taishan” жамоалари бор.

Шарқ минтақаси учун ташланган қуръа натижасига кўра, “Jeonbuk Hyundai Motors” – “Pohang Steelers”, “Ulsan Hyundai” – “Ventforet Kofu”,

“Shandong Taishan” – ”Kawasaki Frontale”, “Bangkok United” – “Yokohama F. Marinos”  жамолари рўбарў келади. Ўйинлар 13-14 феврал ҳамда 20-21 феврал кунлари ўтказилади.

 

Т. Рўзиев, ЎзА