Нукус шаҳридаги 1-сонли спорт мактабида Ўзбекистон Кураш федерацияси тақвим режасидаги жорий йилги сўнгги мусобақа – катталар (эркаклар ва аёллар) ўртасида Ўзбекистон кубоги бошланди.

Мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан 500 нафардан зиёд полвон иштирок этмоқда.

Тантанали очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев иштирок этиб, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда миллий курашни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Янги йил арафасида ўтказилаётган мусобақа иштирокчиларига омад тилади.

Мусобақанинг дастлабки куни эркаклар 60, 66, 73 кг, аёллар 48, 52, 57, 63 кг вазн тоифасида куч синашди.

Ўз вазн тоифаларида Собирхўжа Юсупов, Шаҳзод Давронов, Муҳриддин Ғиёсов, Гулзабира Тилеуимбетова, Умида Джуманиязова, Муслимахон Aҳмедова, Диспина Бачкова ғолиб бўлди. Бугун, шунингдек, эркаклар 81, 90, 100, +100 кг, аёллар эса 70, 78, 87, +87 кг вазн тоифаларида гиламга чиқди.

Эртага жамоавий баҳслар бўлиб ўтади.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари