Замбия ташқи ишлар вазири Стенли Какубо коррупция айбловлари туфайли истеъфога чиқди. Бу ҳақда “Лусака вақти” (Lusaka Times) янгиликлар портали хабар берди.
Манбага кўра, вазир ижтимоий тармоқларда тарқалган Хитой кон компанияси билан коррупцион келишувга оид иддаолар ортидан Замбия президенти Хакаинда Хичилемага истеъфога чиқиш ҳақида ариза берган. Давлат раҳбари Какубонинг истеъфосини қабул қилди, дея хабар беради Замбия президенти маъмурияти.
Ижтимоий тармоқнинг Замбия сегментида тарқалган видеода улардан бири Какубо эканлиги тахмин қилинаётган икки эркак банкноталарни ҳисоблаётгани акс этган.
“Лусака вақти” қайд этганидек, Какубо истеъфога чиқиши сабабларини кейинроқ тушунтиришга ваъда берган.