Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 декабрь куни мамлакатимизнинг олтита ҳудудида 5 та қуёш, 1 та шамол электр станцияларини ишга тушириш ва тармоққа улашга бағишланган тантанали маросимда иштирок этди.
Тадбирда ушбу муҳим инвестиция лойиҳаларининг ҳамкорлари бўлган “Masdar” компанияси бош ижрочи директори Муҳаммад ал Рамаҳий, “China Energy Engineering Corporation” компанияси вице-президенти Ву Юнь, “China Energy International Group” компанияси бошқаруви раиси Лю Цзэсян, “China Gezhouba Group” компанияси бошқаруви раиси Линь Сяодань, “SEPCO III”, “Dongfang Electric Corporation” ва бошқа компаниялар раҳбарлари иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Ўзбекистонда энергетика тизимини ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш бўйича кенг кўламли дастур амалга оширилмоқда.
Кейинги йилларда тармоқда хусусий сектор ва етакчи хорижий компаниялар фаолиятига қулай шароитлар яратилди. Улар иштирокида Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергетика салоҳиятини кенгайтиришга қаратилган кўплаб лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Хусусан, илк бор 100 фоиз тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан, давлат-хусусий шериклик асосида Кармана ва Нуробод туманларида умумий қуввати 200 мегаваттлик қуёш станциялари барпо этилиб, ўтган даврда улар 1 миллиард киловатт соат “яшил” электр энергиясини ишлаб чиқарди.
Дунёнинг қирқдан ортиқ давлатида “яшил” энергетика соҳасига доир турли ташаббусларда иштирок этиб келаётган Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси мамлакатимизда ҳам йирик тўртта лойиҳани якунлади.
Улардан бири Жиззах вилоятидаги қуввати 220 мегаваттли қуёш фотоэлектр станциясидир. Ушбу 150 миллион долларлик лойиҳа учун Ғаллаорол туманидан 560 гектардан ортиқ ер майдони ажратилиб, 460 минг дона қуёш панеллари ўрнатилди.
Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида ҳам худди шу қувватдаги қуёш фотоэлектр станцияси фаолияти йўлга қўйилди. Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги шу йўналишдаги электр станциясининг қуввати нисбатан баландроқ – қарийб 460 мегаватт бўлди. Бу манзилдаги 630 гектардан ортиқ майдонга 900 минг донага яқин қуёш панели ва зарур ускуналар жойлаштирилди.
Барпо этиш лойиҳаси якунланган ушбу учта замонавий фотоэлектр станциясининг умумий қуввати 900 мегаваттни ташкил қилмоқда.
Шунингдек, мазкур компания томонидан Навоий вилояти Томди туманида 500 мегаваттлик шамол электр станциясининг биринчи босқичи қуриб битказилди.
Хитойнинг нуфузли “China Gezhouba Group” компанияси ҳам дунёдаги саксондан ортиқ давлатлардаги катта-кичик лойиҳаларда фаол иштирок этади.
Мазкур компания ҳам Бухоро ва Қашқадарёда ҳар бири 350 миллион доллардан бўлган, умумий қуввати 1000 мегаваттлик қуёш станцияларининг биринчи босқичи қурилишини якунлади.
Юқорида келтирилган олтита станциянинг ҳар бири йирик лойиҳа саналади. Аслида уни ишга тушириш кўп вақт талаб қилади. Лекин мамлакатимизда бу соҳага қаратилган алоҳида эътибор бугун ўз натижасини берди. Лойиҳалар доирасидаги қурилиш ишлари жуда қисқа фурсатда – 9 ойда битказилгани диққатга сазовор.
Маросимда давлатимиз раҳбари хорижий ҳамкорлар билан биргаликда ушбу янги энергетика қувватларини ишга тушириш ва тармоққа улашга старт берди.
Бу лойиҳаларга катта амалий ҳисса қўшган инвесторлар, муҳандис ва қурувчиларга алоҳида миннатдорлик билдирилди.
Жами қиймати 2 миллиард долларлик ушбу станциялар тўлиқ ишга тушса, икки миллионта хонадон узлуксиз электр энергияси билан таъминланади, 2 миллиард куб метр табиий газни тежаш ҳамда саноат ва хизматлар соҳасида 4 миллиард долларлик қўшилган қиймат яратиш имконияти пайдо бўлади.
Президентимиз ўз нутқида бу соҳадаги келгуси режаларга тўхталиб ўтди.
– Биз бугун амалга ошираётган улкан ишлар энергетика тармоғидаги ислоҳотларнинг навбатдаги қадамидир. Бу чора-тадбирларни тизимли давом эттириб, рақобатли бозор механизмларига босқичма-босқич ўтамиз. Ҳозир юртимизда 9 гигаваттли 22 та қуёш ва шамол электр станциясини қуриш лойиҳалари устида ишлаяпмиз. Хорижий компаниялар билан сермаҳсул ҳамкорлигимизни тобора кенгайтириб борамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.
Умуман, 2030 йилгача “яшил” энергетика манбаларини 27 гигаваттга етказиш режалаштирилган. Бу ҳар йили 25 миллиард куб метр табиий газни иқтисод қилиш, атмосферага зарарли ташланмаларни 34 миллион тоннага қисқартиришга хизмат қилади.
ЎзА