Хабар берганимиздек, шу кунларда Самарқандда шахматнинг рапид ва блиц йўналишлари бўйича жаҳон чемпионати ўтказилмоқда.

Мамлакатимиз спорт ҳаётида муҳим ва тарихий чемпионат бўлган ушбу мусобақада жаҳоннинг ўнлаб шахмат юлдузлари қатори Халқаро шахмат федерацияси(ФИДЕ) президенти Аркадий Дворкович ҳам баҳсларни кузатиб бормоқда.

Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов ФИДE раҳбари А.Дворкович билан учрашди.

Мулоқот давомида ФИДЕ раҳбари мамлакатимизда шахматнинг ривожи борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлаб, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътибори йилдан-йилга юксалаётгани, бу, Самарқандда ўтаётган жаҳон чемпионати доирасидаги тадбирларда, шахматчиларимизнинг халқаро мусобақаларда муносиб ўринга эга бўлиб бораётганида яққол намоён бўлаётганини эътироф этди.

Учрашувда шахматнинг ривожи ҳамда мамлакатимизда ўтказилиши кутилаётган нуфузли мусобақаларни ҳар жиҳатдан юқори савияда ташкил этиш борасида ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш борасида бир қатор келишувларга эришилди.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА